2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Оммавий қабуллар: “Бугун мен учун мўъжиза рўй берди!”

Президент Халқ қабулхоналари суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил қилаётган оммавий қабулларнинг навбатдаги манзили – Оролбўйи ҳудуди.

Асосан энг олис-чекка, чегарадош ва ижтимоий-иқтисодий аҳволи нисбатан оғир ҳудудлардаги қабулларда ҳар бир масала ҳудудий мутасаддилар ва мурожаатчилар иштирокида муҳокама қилинди, муаммоларга ечим топиш учун бор куч-имконият сафарбар қилинди.

Мулоқотларда Бош прокуратура масъуллари 340 та масаланинг 143 тасини жойида ҳал қилди. Қабулга келган инсонларнинг муаммолари турфа, тақдирлари турли, бироқ уларни биргина туйғу – қонун устуворлиги таъминланиши, адолат ва ҳақиқат қарор топишига ишонч, муаммосига ечим топиш умиди бирлаштириб турибди. Бу жараёнда Президент Халқ қабулхоналари ва сектор раҳбарларига ижтимоий уй билан таъминлаш бўйича йўлланган мурожаатлар маҳаллий ҳокимликлар, ҳудудий махсус комиссиялар билан бирга кўриб чиқилгани катта ҳаёт йўлига чиқиб олиш учун нажот сўраб келган тўрт аёлнинг ҳам кўп йиллик орзу-умидларини рўёбга чиқарди. Дейлик, хўжайлилик Азима Одилова айни шу каби мурожаатларидан сўнг 60 ёшида ўз бошпаноҳига эга бўлди. Ижарама-ижара юрган аёлга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида турар-жой ажратилди.

Шу ернинг ўзида Азима опа каби яна 2 нафар хўжайлилик оғир ижтимоий аҳволдаги аёлнинг ҳам мушкули осон бўлиб, уларнинг-да кўп йиллик дарду ташвишлари ариди. Ўтган йили Сарвиноз Худойбергенованинг турмуш ўртоғи вафот этгач, икки фарзандни улғайтириш, рўзғор юки аёлнинг елкасига тушди. Ҳолбуки бу оилани 2014 йилдан буён уй-жой масаласи қийнаб келар, тўрт хўжалик бир хонали уйда кун кечиришга мажбур эди. Бугунги оммавий қабулга нажот истаб келган Сарвиноз ва фарзандларига ҳам Хўжайли туманидаги ижтимоий шаҳарчадан бир хонали уй ажратиб берилди.

Эркиной Қиличева ҳам турмуш ўртоғи ва тўрт фарзанди билан ижарама-ижара сарсон юрган эди. Камига катта фарзандида болаликдан ногиронлик бор. “Инсон қадри учун” ғоясининг амалий рўёби бу оилага ҳам нур, янги ҳаёт олиб кирди. “Бугун мен учун мўъжиза рўй берди”, - дейди Эркиной қувончини яширмасдан...

Хўжайлилик Рита Қалбаева эса қабулга болаларининг ҳалол ҳаққи – бир неча ойдан буён тўланмаган алимент пулларини ундириб беришни сўраб келган эди. Мурожаатидан сўнг Мажбурий ижро бюроси ходимлари бу масалани аёл кутмаган даражада ҳал қилиб берди. Собиқ турмуш ўртоғи ҳам мардлик қилиб, 3 нафар фарзандининг алимент пуллари эвазига уларга уй олиб берди.

Олий суд, Қорақалпоғистон Республикаси, туман-шаҳарлар судлари масъуллари биргаликда 236 та масалани кўриб чиқиб, шунинг 86 тасига жойида ечим топди. Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот, Хўжайли, Тахиатош, Шуманай, Тўрткўл туманлари ва Нукус шаҳри судлари мурожаатлар асосида ташкил қилган сайёр суд мажлисларида 37 та иш кўриб чиқилди.

Албатта, бу мурожаатчиларнинг барчаси айбини тан олган, шунга мос белгиланган жазонинг маълум қисмини ўтаган, қилмишига минг пушаймон бўлиб ҳаётини ўнглаб олиш учун яна бир имкон сўраганлардир. Суд мажлисида ҳар бир иш батафсил кўриб чиқилиб, барча томон тинглангач, ҳудудлардаги ички ишлар органлари пробация гуруҳлари тақдимномалари асосида 28 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод этилди, 8 нафар шахсга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси енгилроғи билан алмаштирилди, тарафлар ярашганлиги муносабати билан битта жиноят иши тугатилди.

Элликқалъалик Шодия Ражаббоева турмушдан ажрашган бўлса-да, вояга етмаган уч фарзандини бағрига ололмай овора бўлиб юрган экан. Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро суди бу аёлнинг ҳам мурожаатини кўриб чиқиб, унинг даъво аризасини қаноатлантирди. Болалар суд тартибида онасига қайтариладиган бўлди.

Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари суриштирув ва тергов, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, фуқаролик, паспорт-виза, мол-мулкни олиб қўйиш ва қайтармаслик каби йўналишларга оид 140 та масалани кўриб чиқди, уларнинг 53 таси жойида ҳал қилинди.

Иш билан таъминлаш масаласида амалий ёрдам сўраган 6 нафар инсонга 30 сотих ер майдони ажратилди, 22 нафар мурожаатчи ишга жойлаштирилди. Ўзини ўзи банд қилиши учун оғир ижтимоий аҳволдаги 30 нафар хотин-қизга тикув машинаси ва пишириқ тайёрлаш печлари, 2 нафар фуқарога томорқа ерларини суғориши учун насослар, 5 нафар мурожаатчига паррандачилик инкубаторлари олиб берилди. Бўзатовлик Парахат Юсупов ҳам энди томорқасига сув чиқариб, деҳқончилик қиладиган ва бу билан рўзғорига барака киритадиган бўлди.

Қабулларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси, Вазирлар кенгаши, маҳаллий ҳокимликлар, адлия, солиқ, божхона, Миллий гвардия бошқармалари масъуллари ҳам 307 та масаланинг қарийб 100 тасини жойида ҳал қилди, аҳолига давлат хизматлари кўрсатилди, бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил қилинди.

Умумлаштириб айтганда, уч кунлик очиқ-жонли мулоқотларда 1 минг 116 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 404 таси жойида ҳал қилинди, 237 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, 475 та мурожаат бўйича эса аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, Президент Халқ қабулхоналари томонидан назоратга олинди.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундиришИшонч телефони5 Июнь 202117 Июнь 2021Андижон вилояти

Фойдали ресурслар