2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
ПРЕЗИДЕНТ ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНАСИ ДАСТУРИЙ ТИЗИМИНИНГ ЯНГИ ТАЛҚИНИ

Унда жисмоний ва юридик шахслар учун бир қатор янги қулайлик ва имкониятлар тақдим этилмоқда

Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органларига ариза, шикоят ва таклифлар билан мурожаат қилиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш юзасидан барча имкониятлар яратилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрда қабул қилинган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ мурожаатлар билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизими яратилди. Мазкур тизимнинг асоси бўлган Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари бевосита давлат раҳбарига мурожаат қилиш, халқ билан доимий мулоқот олиб бориш, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишнинг таъсирчан механизмига айланди. Президент виртуал қабулхонасига ўтган қисқа даврда 1 миллион 600 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушгани ҳам бунинг яққол тасдиғидир.

Бу, бир томондан, халқимизнинг давлат ҳокимиятига ва қонун устуворлигига бўлган ишончи тобора ошиб бораётганидан далолат бўлса, иккинчи томондан, жамиятимизда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари самарали татбиқ этилаётгани, халқимизнинг улардан фойдаланиш даражаси юксалиб бораётгани, одамлар яратилган имконият ва қулайликлардан ўз кундалик ҳаётида тўғри ва мақсадли фойдалана олаётганини кўрсатмоқда.

Албатта, ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Айниқса, ахборот ва коммуникация технологиялари тез суръатлар билан ривожланиб бораётган бугунги шиддатли даврда кўзланган мақсадларга эришиш йўлида илм-фан ва техника ютуқларидан кенг фойдаланиш аҳолига янги ва қўшимча қулайликларни яратиш имконини беради. Шу маънода, ўтган даврда мурожаатлар билан ишлаш тизимида тўпланган катта тажриба ва ўтказилган чуқур таҳлиллар, фуқароларимизнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари, талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда виртуал қабулхона дастурий тизимини янада такомиллаштириш устида иш олиб борилди. Бинобарин, 2017 йил 11 сентябрда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунида ҳам мурожаатчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш кўзда тутилган эди.

Шулар асосида Президент виртуал қабулхонаси дастурий тизимининг янги талқини ишлаб чиқилди ва 1 февраль куни тест режимида ишга туширилади. Сайт манзили ўзгармаган – pm.gov.uz. Бунда «pm» қисқартмаси – «Президентга мурожаат» тарзида талқин қилинади.

Мурожаат юбориш шакли ҳам ўзгармаган: мурожаатларни 0-800-210-00-00 ёки 10-00 қисқа рақамларига қўнғироқ қилиш, pm.gov.uz манзилидаги махсус мурожаат шаклини тўлдириш орқали ёхуд Халқ қабулхоналарига ташриф буюриб юбориш мумкин.

Виртуал қабулхонанинг такомиллаштирилган талқинида жорий қилинган асосий янгиликлар эса қуйидагилардан иборат.

Фуқаро виртуал қабулхонада ўз шахсий кабинетини очиши мумкин

Президент виртуал қабулхонасининг янги талқинида мурожаатчи ўз хоҳишига кўра, шахсий кабинет очиши мумкин. Бунинг учун жисмоний шахс рўйхатдан ўтиш жараёнида фуқаролик паспортида кўрсатилган шахсий идентификация рақамини ҳам киритиши керак. Бу – мурожаат қилувчи учун идентификациялаш (электрон гувоҳнома) имконияти бўлиб, катта қулайлик яратади.

«Фуқароларнинг шахсий кабинети» модулидан кўзланган мақсад – фуқароларга виртуал қабулхона тизимида ишлашда максимал қулайлик яратиш, муайян шахснинг мурожаати билан боғлиқ барча ёзишмаларни бир жойда жамлашдан иборат.

Виртуал қабулхона тизимида фуқаролар киритган маълумотларда (исм-фамилия, туғилган йили, яшаш манзили ва ҳоказо) турли хатоликлар учраб турарди. Натижада, дейлик, айни бир шахс юборган бир нечта мурожаатлар тарихини ўзаро боғлиқликда ўрганишда қийинликларга дуч келинарди. Мурожаатчи билиб-билмай ўзи ҳақидаги маълумотларни киритишда хатога йўл қўйса, тизимда буни аниқлаш механизми мавжуд эмас эди.

Шу пайтгача ҳар бир мурожаатни топиш учун унинг рақами, мурожаатчининг тўлиқ исм-шарифи, манзили, мобиль телефон рақамини базага киритиб излаш керак эди. Шахснинг барча ёзишмасини бир жойда кўришнинг иложи йўқ эди. Мурожаатчилар эса бир масаладаги турли мурожаатлари ва уларга йўлланган жавобларни, одатда, қоғозга чоп этилган ҳолатда сақлайди. Буларнинг барчаси мурожаатчилар учун ҳам, мурожаатлар билан ишлашда ҳам ноқулайлик, ортиқча вақт ва куч сарфлашни тақозо қилиб келаётган эди.

Шу пайтгача мурожаатчилар янги мурожаат юборишда персонал маълумотларни такроран киритиши лозим эди. Энди мурожаатчи ўз шахсий кабинетига кириб, персонал маълумотларни бир марта киритса, бўлди – кейинги барча амалларни бажаришда шу маълумотлар тизимга автоматик юкланиб бораверади. Мурожаат юбориш учун ҳар сафар персонал маълумотларни янгидан киритишга зарурат қолмайди.

Ўз навбатида ариза, шикоят ва таклифларнинг фуқаролар шахсий паспорт маълумотлари билан тасдиқланиши мурожаатчилар шахсини аниқлаш ишончлилигини таъминлайди. Шахсий кабинет орқали шахснинг давлат органлари билан бўлиб ўтган барча ёзишмалари (барча мурожаатлар ва жавоб хатлари) бир жойда, қулай тартибда жамланади ва керакли мурожаат жавобини излаб топиш осонлашади.

Кўп бериладиган саволларга батафсил жавоблар

Виртуал қабулхонада «Кўп бериладиган саволлар» бўлими ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад мурожаатчига ўзини қизиқтирган саволга расмий мурожаат қилмасдан ҳам жавоб олиш имкониятини яратишдан иборат.

Таҳлиллар фуқароларимиз томонидан муайян соҳа ёки мавзу юзасидан умумий характердаги ҳуқуқий ахборот ва маслаҳат олиш учун ҳам мурожаат юбориш ҳолатлари кўп эканини кўрсатмоқда. Улар керакли маълумотни олиш учун маълум муддат кутишига тўғри келган, давлат органлари эса айни бир мазмундаги жавоб талаб қилувчи кўп сонли мурожаатларга алоҳида жавоб юборишга мажбур бўлаётган эди.

Шу муносабат билан фуқаролар мурожаатларини таҳлил қилиш натижасида кўп берилган саволлар аниқлаб олиниб, уларнинг жавоблари оддий ва тушунарли тилда ифодаланиб, махсус бўлимда жамланди. Бунда уй-жой, ижтимоий ҳимоя, тадбиркорлик ва банк фаолияти, ишлаб чиқариш, сертификатлаш ва лицензиялаш, ветеринария хизматлари, солиқлар ва жарималар, ахборот технологиялари ва коммуникациялари, транспортга оид ва ҳуқуқий масалалар, таълим, фан ва маданият, меҳнат ва аҳоли бандлиги, шунингдек, жамият ҳаётининг бошқа турли масалаларига оид саволларга жавоблар мавжуд. Керакли саволга жавобни калит сўзлар ёрдамида излаб топиш имконияти ҳам яратилган.

Махсус статистика модули орқали қайси саволларнинг жавоби энг кўп ўқилганини таҳлил қилиш мумкин. Энг кўп танишиб чиқилган мавзу автоматик равишда юқори поғонага кўтарилиб бораверади.

Янги бўлим мурожаатчини қизиқтирган савол кўп бериладиган саволлар сирасига кирса ва унинг жавоби маълум бўлса, уни мурожаат йўлламасдан ҳам топиш имконини тақдим этиши билан аҳамиятлидир.

Портал орқали онлайн режимида ҳуқуқий маслаҳат олиш мумкин

Виртуал қабулхонанинг янги дастурий тизимида фуқароларга қулай бўлган шаклда турли муаммо ва масалалар бўйича малакали юридик ёрдам берилишини таъминловчи «Онлайн маслаҳатчи» модули яратилди. Бу модул «Кўп бериладиган саволлар» бўлими билан ҳамоҳангликда ишлайди.

Бунда турли тармоқлар ва фаолият соҳалари бўйича маслаҳатчи сифатида жалб этилган малакали мутахассислар жисмоний ва юридик шахсларга реал вақт режимида маслаҳат бериб бориши ва мазкур хизмат шу йил 15 февралдан бошлаб тест режимида ишга туширилиши кўзда тутилган.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, мурожаатларнинг салмоқли қисмини ҳуқуқий ахборот ёки маълумот олиш мақсадида юборилган мурожаатлар ташкил этади. Фуқаролар ҳаётда учрайдиган турли-туман  масалаларда ҳуқуқий маслаҳат олиш учун ҳам виртуал қабулхонага мурожаат қилар ва мурожаат кўриб чиқилиб, жавоби мурожаатчига етиб боргунича анчагина вақт талаб қилинар эди.

«Онлайн маслаҳатчи» хизмати виртуал қабулхона орқали савол юбориб, онлайн режимда юридик маълумотга эга бўлган мутахассислардан тезкор ҳуқуқий маслаҳат олиш имкониятини тақдим этмоқда. Эндиликда у ёки бу масала бўйича ҳуқуқий ахборот олиш учун бир неча кун жавоб хати келишини кутиш зарурати қолмайди. Бу ўз навбатида порталда рўйхатга олинаётган, фақат ҳуқуқий маълумот олиш назарда тутилган мурожаатлар сони қисқаришига, давлат органларида бошқа турдаги мурожаатлар билан ишлаш сифати ошишига хизмат қилади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқий маълумот олишга бўлган эҳтиёжлари тезкор равишда таъминланишига эришилади. “Онлайн маслаҳатчи” модули орқали кўп бериладиган саволлар мунтазам таҳлил қилиниб, шу асосда “Кўп бериладиган саволлар” бўлими тўлдириб борилади.

Давлат органлари раҳбарларига Президент виртуал қабулхонаси орқали ҳам мурожаат йўллаш мумкин

«Вазирлик ва идоралар раҳбарларининг фуқароларни қабул қилиш жадваллари ва уларга мурожаат юбориш» модули жорий қилинди. Бу билан pm.gov.uz манзилида барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг фуқароларни қабул қилиш жадваллари ягона базада жойлаштирилди.  Яъни, давлат органлари раҳбарларининг фуқаролар қабулига доир маълумотлар – қабул кунлари, вақти, тегишли телефон рақамлари, электрон почта манзиллари, давлат органининг манзили ҳақидаги маълумот бир жойда жамланди.

Айрим ҳолларда жисмоний ва юридик шахслар ўзларини қизиқтирган масала учун қайси давлат органи масъул экани борасида етарли билимга эга бўлмайди. Шу боис мазкур модулда алоҳида «Функция ва вазифалар» бўлими ташкил этилиб, давлат органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ функция ва вазифалари тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш имконияти яратилди.

Ҳозир турли бўғиндаги раҳбарларнинг виртуал қабулхоналарига мурожаат йўллаш шакллари турлича бўлиб, уларнинг расмий веб-сайтларида бу ҳақда эълон қилинган. Бироқ, уларни излаб топишда ноқулайликлар мавжуд. Шундан келиб чиқиб, фуқароларга портал базасида ўз мурожаатларини бевосита тегишли давлат органларига юбориш имкониятини тақдим этиш мақсадида давлат органлари раҳбарларининг шахсий виртуал қабулхонасига мурожаат йўллаш шакллари бир жойга жамланди. Эътиборли жиҳати шундаки, бундай йўсинда йўлланган мурожаатлар билан ишлаш жараёни ҳам доимий равишда назорат қилиб борилади.

Халқ қабулхоналари ҳақидаги барча маълумот билан портал орқали ҳам танишиш мумкин

«Халқ қабулхоналари манзиллари» бўлимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиш мумкин. Барча Халқ қабулхоналарининг манзили, телефон рақамлари, электрон почтаси, геолокация маълумотлари ва бошқа фойдали материаллар қулай тартибда тақдим этилмоқда. Фуқаролар ва тадбиркорлар керакли Халқ қабулхонаси тўғрисидаги маълумотни Ўзбекистон интерактив харитаси орқали топиши мумкин. Алоҳида олинган Халқ қабулхонасининг жойлашган манзили онлайн харитада ёки сунъий йўлдошдан суратга олинган харита режимида кўрсатилган.

Маҳаллангизни кўрсатинг ва муаммолар ечимига ҳисса қўшинг

Виртуал қабулхонанинг янги талқинида фуқаро мурожаат юбориш жараёнида ўзи истиқомат қилаётган маҳаллани ҳам кўрсатиб ўтиши учун имконият яратилди. Бу муаммога ечим топиш даражасини янада оширади. Шу йўл билан мурожаатда кўтарилган муаммо муайян ҳудуддаги қайси секторга тааллуқли экани аниқланади. Айни пайтда ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ҳудудида қандай муаммолар мавжуд эканини онлайн таҳлил қилиш, уларни комплекс ҳал этиш учун яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган аниқ чора-тадбирлар, “йўл харита”лари ишлаб чиқиш имкониятлари кенгаяди.

Таъқиб бўлса, тезкор хабар бериш мумкин

Виртуал қабулхонадаги яна бир янгилик – мурожаатчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида «Таъқиб ҳақида хабар» модули жорий қилингани бўлди. Агар кимда-ким ариза ёки шикоят билан мурожаат қилгани туфайли таъқибга учрайдиган бўлса, бу ҳақда махсус тугма орқали тезкор хабар бериши мумкин. Бундай хабарлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини жалб этган ҳолда устувор ва тезкор равишда кўриб чиқилади.

Мурожаат ва масъулият

Энди порталда фуқаролар ўз мурожаатини юборишдан аввал мурожаат юбориш қоидалари билан танишгани ва бу борада қонунда белгиланган масъулияти тўғрисида хабардор эканини тасдиқловчи белги қўяди. Бу мурожаатчиларнинг ҳам масъулиятини оширишга, мурожаат маданиятини юксалтиришга туртки беради.

Шу пайтга қадар айрим мурожаатчилар томонидан мурожаат юбориш жараёнида бошқа шахсларга тегишли бўлган ёки умуман мавжуд бўлмаган телефон рақамини кўрсатиш, бошқа фуқаролар номидан мурожаат юбориш ҳолатлари учраб турарди. Ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш муайян вақт ва ресурсларни талаб қилишини, аниқ мақсадсиз мурожаат учун сарфланган вақтни бошқа асосли ариза ёки шикоят устида ишлашга йўналтирган ҳолда муаммони ҳал қилиш фуқаролар учун ҳам, жамиятимиз учун ҳам ҳар томонлама фойдали эканидан келиб чиқиб, янги тизимда мобиль телефон рақамини тасдиқлаш механизми жорий этилди.

Бунда мурожаатчи махсус мурожаат шаклига ўз мобиль телефон рақамини киритади. Шундан кейин мурожаатчининг мобиль телефонига бир марталик парол СМС-хабар шаклида юборилади. Натижада ҳам мурожаат аниқлиги ва ишончлилиги ортади, ҳам мобиль телефон рақами тасдиқланади. Бу барча давлат органларининг виртуал қабулхоналари фаолиятига ҳам татбиқ этилади.

Шу пайтгача фуқаролар ва тадбиркорлар ўз мурожаатлари кўриб чиқилишининг жорий ҳолатини исталган вақтда базага махсус рақамни киритиш йўли билан текшириб кўриш имкониятидан фойдаланиб келаётган эди. Янги талқиндаги тизимда мурожаатнинг қабул қилингани ва назоратдан ечилгани тўғрисида тасдиқланган мобиль телефон рақамига СМС-хабарнома юборилиши йўлга қўйилмоқда.

Янгиликлардан хабардор бўлиб боринг

Виртуал қабулхонанинг янги талқинида давлат органларининг мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги фаолияти, ижобий ҳал этилган масалалар, виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналари тўғрисидаги янгиликлар билан янада кенгроқ танишиш имконияти яратилди. Порталга келиб тушган ва кўриб чиқилган мурожаатларнинг умумий сонини, статистик маълумотларни реал вақт режимида кузатиш имконияти мавжуд.

Бир сўз билан айтганда, виртуал қабулхонанинг янги талқини жисмоний ва юридик шахсларга самарали ахборот, интерактив хизматларни тақдим этиш билан бирга, фуқароларнинг давлат органлари билан ҳамкорлик механизмларидан фойдаланиш имконияти ва қулайлиги даражаси ошишига хизмат қилади.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар