2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
САРҲИСОБ: одамларни қандай муаммолар кўпроқ безовта қилмоқда?

Халқ қабулхоналари том маънода халқ овозини, жамоатчилик фикрини ифода этадиган тузилмага айланиб бормоқда. Бунинг учун зарур ҳуқуқий асослар яратилмоқда.

Хусасан, мурожаатларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2021 йилнинг 12 ойи давомида Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 1 млн. 600 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу бир ойда ўртача 133 минг, кунига ўртача 4,4 мингдан зиёд мурожаат дегани. Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг 53 фоизи ёки 865 мингтаси ижобий ҳал этилган.
Шунча одамнинг дарди давлатнинг тегишли идоралари томонидан тингланган, муаммоси ўрганилган ва ҳал этиш чора-тадбирлари белгиланган. Қисқача айтганда, муаммоларга давлат елка бурмади, одамларни рад этиш эмас, балки қўллаб-қувватлаш йўлидан борди. 
Иш тизимли ташкил этилса, албатта кўзланган натижага эришиш мумкин. Масалан,ўтган йилнинг ноябрь ойида Виртуал қабулхона тизимига 133 мингта мурожаат келиб тушган. Демак, уларнинг барчасини назоратга олиш, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиб чиқиш ва ижобий ҳал этиш ўзига яраша қийинчилик туғдиради. Лекин халқ розилигига эришиш мақсад қилинган жойда муаммолар хаспўшланмайди, аксинча, ҳар бир мурожаатни ўрганиш орқали шу турдаги барча масалаларни бирйўла ҳал этиш чоралари кўрилади. Зотан, бу тизимнинг афзаллиги шундаки, исталган ҳудуд ва исталган соҳадаги реал вазиятни кўзгу мисол ўзида акс эттириб туради.
Шу ўринда мурожаатларнинг мундарижасига эътибор қаратамиз. Хўш, бугун одамларни қандай йўналишдаги муаммолар кўпроқ безовта қилмоқда? Масалан, 2021 йилда келиб тушган мурожаатлар орасида ижтимоий нафақалар масаласи етакчилик қилган – 190 мингта мурожаат. Иш билан таъминлаш йўналишида 96 мингта, мажбурий ижро фаолияти, алимент ва қарз суммаларини ундириш – 94 мингта, банк кредитлари – 77 мингта, уй-жой билан таъминлаш – 68 мингта мурожаат тушган. Шунингдек, газ, электр энергияси таъминоти, ичимлик суви таъминоти ва меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ масалалар етакчи мавзулар бўлган.
Кези келганда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мурожаатлар билан ишлаш борасида қўлланилаётган тизим долзарб масалаларни ҳудудлар кесимида таҳлил қилиш имкониятини ҳам беради. Таҳлилларга кўра, 2021 йилда энг кўп мурожаатлар Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келди – 197 мингта. Сурхондарё вилоятидан 181 мингта мурожаат келиб тушган. Тошкент шаҳридан эса 165 мингта мурожаат қабул қилинган. Шунингдек, Тошкент (155 минг), Самарқанд (150 минг) ва Фарғона (145 минг) вилоятларидан ҳам кўплаб мурожаатлар йўлланган.
Масалан, ургутлик бир гуруҳ фуқароларнинг Халқ қабулхонасига мурожаатидан сўнг тумандаги Камонгарон ва Вағашти қишлоқлари аҳолиси ўртасида чашма сувидан фойдаланиш борасидаги кўп йиллик муаммога тўлиқ барҳам берилди. Гап шундаки, бу икки ҳудуд аҳолиси ўртасида чашма сувидан фойдаланиш 1960 йиллардан бири баҳсли бўлиб келаётган эди. Ушбу муаммога барҳам топтириш мақсадида Самарқанд вилояти Халқ қабулхонаси ҳамда вилоят ҳокимлиги раҳбарлигида ишчи гуруҳи тузилди, ҳамда мазкур масала бевосита жойига чиқиб ўрганилди. Натижада Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Унга кўра, Ургут тоғ тизмаларидаги бешта табиий чашмалар тозаланиб, "Камонгарон" ва "Вағашти" аҳолисини узлуксиз сув билан таъминлаш мақсадида, қиймати 3 млрд. 100 миллион сўмлик янги ичимлик суви тармоғи барпо этилди. "Камонгарон" маҳалласи учун 1,6 км ва "Вағашти" маҳалласи учун 2,2 км. тармоқ тортилиб, бугунги кунда ушбу иккала маҳаллага ҳам ичимлик суви ва экинларни суғорадиган ариқ сувлари тақсимланган ҳолда етказиб берилмоқда.

Сурхондарё вилояти Денов туманининг «Минора» маҳалласида яшовчи Ш.Абдуллаев четдан наслли қорамол олиб келиш мақсадида кредит олиш учун барча ҳужжатлар ҳамда гаров таъминотини 2020 йилнинг февраль ойида Халқ банкининг Денов филиалига тақдим этади. Аммо орадан бир йил ўтса ҳамки, унинг мурожаати тақдири мавҳумлигича қолиб кетади. Ҳатто ҳужжатлар асоссиз равишда йўқ қилиб юборилгани аниқланади. 2021 йил 9 февралда ҳужжатларини тиклаб, қайта мурожаат қилади. Аммо бу сафар ҳам банк томонидан ҳеч қандай чора кўрилмайди. Оқибатда у Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлади. Ана шундан сўнггина унинг ишлари олдинга силжиб, сўраган 1 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағи тўлиқ ажратиб берилади.
Муҳими, бу тизимда мурожаатларни вазирлик ва идоралар кесимида ҳам таҳлил қилиш ва шундан келиб чиққан ҳолда ислоҳотларни ушбу вазирлик ва идораларга томон йўналтириш имконияти ҳам мавжуд. Масалан, 2021 йилда энг кўп мурожаатлар Молия вазирлигига оид бўлган. 173 минг фуқаро шу йўналишда мурожаат қилган. Шунингдек, Ички ишлар вазирлигига тегишли 122 мингта, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тааллуқли 105 мингта мурожаат келиб тушганлиги фикрларимизнинг рўй-рост тасдиғи ҳисобланади. Бундан ташқари, худди шу даврда Мажбурий ижро бюроси, Бош прокуратура, Олий суд  ҳамда Марказий банк ва тижорат банклари тизимига тааллуқли мурожаатлар сони ҳам анча катта бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасига мурожаат йўллаган фуқаролардан бири Нодир Умаров эди. Унинг мурожаати ҳам эътибордан четда қолмади. Эндиликда ушбу фуқаро Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани «Мирзакалон Исмоилий» маҳалла фуқаролар йиғини биносининг 2-қаватида дастурлаш бўйича ўқув курсларини очган. Янги иш ўринлари яратиб, мамлакатимизда Ай-Тийўналишини янада ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Тошкент шаҳар Миробод туманида яшовчи Мавжуда Наврўзова ногирон ўғли  билан бир неча йилдан буён уйсиз сарсон-саргардон бўлиб юрган. Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, муаммоси ҳал этилган қўни-қўшнилари унинг қалбида умид учқунларини алангалатди. Шундан сўнг у ҳам Халқ қабулхонасига мурожаат қилди ва орзусидаги натижага эришди – унга икки хонали уй ажратилди. 
Сергели туманида яшовчи яна бир фуқаро – Машрабжон Юсупов ҳам ўзи истиқомат қиладиган кўп қаватли уй йўлагидаги лифтнинг ўрнатилганига 30 йилдан ошгани, эскириб, механизмлари яроқсиз ҳолга келганлиги туфайли уни «Республика бўйича 1000 дан ортиқ лифтларни янгилаш режаси»га киритишни сўраб мурожаат қилган. Ушбу мурожаат ҳам ўз вақтида ижобий ҳал этилди. Энди у яшайдиган йўлакда лифт билан боғлиқ муаммо қолмади.
Худди шундай, Сергели туманида яшовчи Афзал Тўраев ўзи яшаб турган кўп қаватли уйдаги лифтни алмаштириш бўйича Халқ қабулхонасига мурожаат қилгач, неча йиллардан буён ишлаб-ишламай келаётган эски лифт замонавийсига алмаштирилди. Ушбу муаммонинг барҳам этилиши билан нафақат Афзал Тўраев, балки у билан бир йўлакда истиқомат қиладиган барча фуқароларнинг ҳам истаклари ижобат бўлди.

Мурожаатлар билан ишлаш тизимида сайёр қабулларнинг ташкил этилиши, мутасадди идора ва ташкилотларнинг кенг халқ оммаси билан юзма-юз учрашган ҳолда уларнинг муаммоларини бартараф этиш тажрибаси ҳам бугун яхши самара бермоқда. 2021 йилда вилоят, туман ва шаҳарлар секторлари раҳбарлари томонидан Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда 31 927  та сайёр оммавий қабуллар ўтказилди. Уларда 223 412 нафар фуқаронинг мурожаати бўйича 230 446та масалалари тингланди. Шундан 130 533 та, яъни 56,6 фоиз масалалар қаноатлантирилди.

Ўтган йилнинг 23 июль куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари кўриб чиқилди ва соҳада кўплаб янги механизмларга старт берилди. Яъни Президентимиз ушбу йиғилишда одамларни мурожаат қилишга мажбур этаётган кўплаб муаммоларни маҳалла кесимида бартараф этиш таклифини илгари сурди. Оддийгина қилиб айтганда, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг айни йўналишдаги масъулияти кучайтирилди, аҳоли тўғридан-тўғри туну кун мурожаат қилиши учун ҳокимларнинг виртуал қабулхонаси ва ижтимоий тармоқларда алоҳида саҳифаларини ташкил этиш вазифаси қўйилди. Мурожаатларнинг барчаси ягона электрон базада жамланиб, Халқ қабулхоналари ҳар чоракда давлат органларининг очиқ рейтингини шакллантириши белгиланди. Хуллас, тизим янада такомиллаштирилди. 
Энг асосийси, ушбу йиғилишдан сўнг шу кунгача ҳал этилмаган аҳоли мурожаатларини қайта ўрганиш ишларига киришилди. Шу тариқа, қисқа вақт ичида 651 мингдан зиёд мурожаат қайта кўриб чиқилиб, уларнинг 78 фоизи ёки 506 минг 536 таси ижобий ҳал этилди.  
Мурожаатлар билан ишлаш борасида йўлга қўйилган тизим, халқ дардини тинглаш ва кўтарилган масалаларни комплекс ҳал қилиш – бугун ўз самарасини бермоқда. Яна ҳам очиқроқ айтганда, Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар жамиятимизда туб ислоҳотларни амалга ошириш учун асос вазифасини ўтамоқда.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундиришИшонч телефони5 Июнь 202117 Июнь 2021Андижон вилояти

Фойдали ресурслар