2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Аёллар муаммолари босқичма-босқич ҳал этилмоқда

Андижонда жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

 Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда бошқарма билан мазкур йўналишда иш олиб борувчи ҳамкор ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.  

Тадбирда мамлакатимизда хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларнинг фаоллигини ошириш, ўз имкониятларидан тўлақонли фойдаланишлари учун қулай шароит ва имкониятлар яратиб беришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2020 йил 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган  йиғилишда “Аёллар дафтари”ни шакллантириш, мазкур йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган қатор вазифалар белгилаб берилган эди.  

Мулоқот аввалида вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича биринчи ўринбосари Мавлудахон Низомова белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида 2020 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.  

Андижон вилоятида 1 миллион 544 минг нафардан зиёд хотин-қиз истиқомат қилади, шундан 695 минг нафарини 30 ёшдан ошган аёллар ташкил этади. Топшириқ доирасида ўтказилган хатлов жараёнида 614 минг 227 нафар аёлга анкета тўлдирилган. Хонадонларни ўрганиш давомида аёллар томонидан 54 минг 465 та муаммо билдирилган.

Ўрганишлардан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январдаги “Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланган йўналишлар ва тартиб асосида 29 минг 587 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилди. Уларнинг аксариятини ижтимоий ҳимояга муҳтож  ишсиз, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд, ногирон, тиббий, ҳуқуқий ёрдамга, психологик маслаҳатга муҳтож, шунингдек, қарамоғида ногирон болалари бўлган ёлғиз аёллар ташкил этди.  

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича маҳаллабай тизимида ишлар олиб борилди. Жорий йилнинг 28 май кунига қадар белгиланган 9 та йўналишда 28 минг 773 та муаммо ҳал этилди.

Жумладан, ишсиз хотин-қизларнинг 11 минг 173 нафари, шундан 3 минг 113 нафари доимий, 765 нафари жамоат ишларига жойлаштирилди. Шу билан бирга, субсидия ажратиш орқали 56 нафар, бошқа турли йўналишларда 8 минг 787 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди.

“Аёллар дафтари”га киритилган 1 минг 613 нафар аёл касб-ҳунарга ўқитилди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги 8 минг 947 нафар хотин-қизга 90 миллиард 428 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.  

Томорқадан унумли фойдаланиб, даромад олишни истаган 1 минг 993 нафар аёлга зарур ёрдам кўрсатилди. Хусусан, 112 нафар аёлга “Томорқа хизмати” корхоналари орқали 2 миллиард сўм миқдорда имтиёзли кредит ажратилди, 1 минг 387 нафар аёлга эса фермер хўжаликлари орқали ёрдам берилди.  

Боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд 786 нафар хотин-қизга 643,9 миллион сўм, ногиронлиги бўлган 313 нафар аёлга 267 миллион миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.  

Уй-жойини таъмирлашга муҳтож 1-гуруҳ ногиронлиги бор 23 нафар аёлнинг уй-жойи таъмирлаб берилди. Нотураржойда истиқомат қилаётган 23 нафар аёл яшаш жойи билан таъминланди. Қарамоғида бир ва ундан ортиқ ногирон болалари бўлган 551 нафар ёлғиз аёлга 449,9 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Вилоятдаги 3 минг 16 нафар тиббий, 1 минг 290 нафар ҳуқуқий, 657 нафар психологик кўмакка муҳтож хотин-қизларга тегишли тартибда ёрдам кўрсатилиб, зарур маслаҳатлар берилди.  

“Аёллар дафтари”га киритилган аёллар, уларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг 28 май ҳолатига 28 минг 773 нафар аёл “Аёллар дафтари”дан чиқарилди. Айни пайтда қолган 814 нафар аёлнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.

Мулоқотда “Аёллар дафтари”га киритилган аёллар билан олиб борилган ишлар, эришилган натижалар эътироф этилди. Бу борада йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқид қилинди, уларни бартараф этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.  

 

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундиришИшонч телефони5 Июнь 202117 Июнь 2021Андижон вилояти

Фойдали ресурслар