2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Хатирчилик ёшларнинг муаммоси аниқ, унинг ечими қандай?

Хатирчи туманида вилоят 3-сектор раҳбари – ИИБ бошлиғи Азат Тасбаев иштирокида ташкил этилган “Сайёр қабул”да юзга яқин йигит-қиз ўз мурожаатларини билдирди.

Бугун мамлакатимизда ёшлар учун қатор имкониятлар эшиги очиқ, фақат улардан унумли фойдаланиш, ўз устида ишлаш кифоя. Айниқса, уларнинг мурожаатларини тинглаш, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг келгусидаги фаолиятларини тўғри йўлга қўйиш мақсадида сектор раҳбарлари томонидан бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Очиқ мулоқот тарзда ташкил этилган учрашувда вилоят ИИБ бошлиғи ҳар битта муаммо ва мурожаатни тегишли корхона, ташкилотлар раҳбарлари кўмагида шу куннинг ўзидаёқ ҳал этишга алоҳида эътибор қаратди. Ёшлар бандлик, имтиёзли кредитлар олиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, тиббий кўрик, ОТМларда тўлов шартномаларини тўлашдаги муаммолар, қолаверса, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви, электр энергиясидаги муаммолар ўртага ташлади.

– Бугунги “Сайёр қабул”да ўз бизнес лойиҳамни амалга ошириш учун пишириқ пиширишга мўлжалланган дастгоҳ ҳамда технологиялар олишга эҳтиёжим борлигини айтдим, – дейди иштирокчилардан бири Муниса Пардаева. – Сектор раҳбари мурожаатим шу ернинг ўзидаёқ ижобий ҳал этилиб, таъминотчилар томонидан зарур жиҳозлар икки кун ичида етказиб берилишини айтди ва назоратга олинди.

Зебунисо Эргашева ҳам “Сайёр қабул”да ўзи истиқомат қилувчи қишлоқда ичимлик суви ва ички йўлларнинг таъмирталаб аҳволда экани, бу эса ҳудуд аҳолиси учун кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқараётгани тўғрисида мурожаат қилди.

Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан мазкур мурожаат алоҳида назоратга олиниб, махсус ишчи гуруҳ тузилди. Тез орада бу ноқулайликлар бартараф этилиши бўйича келишиб олинди.

Қабул давомида тумандаги “Ёшлар дафтари” ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган ёшларга касбга ўқитиш бўйича махсус сертификатлар, ўндан ортиқ хотин-қизга эса тикув машиналари берилди.

Мулоқотларда юзга яқин мурожаат қабул қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилган бўлса, айрим мурожаатлар ижроси бўйича муддатли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Эслатиб ўтамиз вилоят 3-сектор раҳбари иштирокидаги сайёр учрашувлар туманлар кесимида давом этмоқда.

Фойдали ресурслар