2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Тошкент вилоятидаги 654 та маҳалла обод бўлади

«Обод қишлоқ» дастури – амалда

Мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсон ҳаёти маҳалла, оила билан узвий боғлиқ. Шундай экан маҳалла обод, хонадонлар тинч, маҳалладошлар аҳил-иноқ бўлса, турмуш янада файзли ва фаровон бўлади. Аслида халқимизга хос миллий ўзликни ифодаловчи урф-одатлар, анъналарни авайлаб-асрашда маҳалланинг муҳим ўрни бор.

Кейинги йилларда Тошкент вилоятида ҳам маҳалла тизимини янада такомиллаштириш, оилаларда ижтимоий-соғлом муҳитни яхшилаш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан дастлабки ишлар бошлаб юборилди.

Ҳозир вилоятда жами 1 минг 48 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, уларнинг 654 тасида кенг миқёсли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Жойлардаги 133 та маҳалла аҳолининг долзарб муаммолари йиғилиб қолган оғир ҳудудлар тоифасига киритилди. Жумладан, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурига улардан 44 таси киритилди. Бунинг учун 237,2 миллиард сўм маблағлар йўналтириш режалаштирилган.

Шу пайтга қадар жойлардаги айрим маҳаллаларнинг идораси йўқ бўлиб, таъмирга муҳтожлари ҳам бор эди. Шу ҳолатларни инобатга олиб, бу борадаги камчиликлар ҳам тизимли асосда бартараф этиляпти. Бирин кетин туман-шаҳарларда замонавий маҳалла бинолари фойдаланишга топширила бошланди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, 2021-2022 йилларда Тошкент вилоятида 275 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мажмуаларини ташкил этиш белгиланган.

Айни вақтга қадар вилоят бўйича 28 та, жумладан, Ангрен шаҳрида 2 та, Бекобод шаҳрида 3 та, Олмалиқ шаҳрида 1 та, Оҳангарон шаҳрида 1 та, Пискент, Чиноз, Бўка туманларида 1 тадан, Ўрта Чирчиқ ва Зангиота туманида 3 тадан, Қибрай ва Паркент туманларида 2 тадан, Янгийўл туманида 6 та маҳалла комплекслари қуриб фойдаланишга топширилди.

Ўрта Чирчиқ туманида 20 та маҳалла биноси давлат ижтимоий шерикчилиги асосида ва 4 та маҳалланинг янги биноси маҳаллий бюджетнинг орттирилган маблағлари ҳисобидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Нурафшон шаҳри Тошкент вилояти маъмурий марказига айлангани туфайли Ўрта Чирчиқ туман марказини ташкил этиш ва ижро этувчи ҳокимият органлари бўлим ва ташкилотларини кўчириш зарурияти юзага келган эди.

«Уйғур» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 18 гектар ер майдони ажратилиб, унда туман марказини қуриш лойиҳаси тасдиқланди. Ўтган қисқа вақт мобайнида туманнинг бўлажак марказида ижтимоий соҳа объектлари замонавий ва миллий шаҳарсозлик режаси асосида қайта қурилди. Ҳудудда 2 та 4 қаватли бинода туман ҳокимлиги, давлат хизматлари маркази, «Ермулккадастур» бўлими, Халқ қабулхонаси ва Бош вазир қабулхонаси, Халқ таълими ва Мактабгача таълим бўлимлари, Қишлоқ хўжалиги бўлими, Прокуратура, Ички ишлар бўлими, Бандликка кўмаклашиш маркази, хотира майдони, кўп тармоқли марказий поликлиника, «Бешта муҳим ташаббус» доирасида янги замонавий бинолар қуриб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, маҳаллада кўп қаватли аҳоли хонадонлари бунёд этиляпти, 2 гектар майдонда истироҳат боғлари яқин келажакда фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, «Гулобод», «Янги ҳаёт» ва «Саидовул-Бахт» каби МФЙларнинг идораси ҳам янги бинода иш бошлади.

Қибрай тумани 3-сектор ҳудудида жойлашган 2 минг 410 нафар аҳоли истиқомат қилиб келаётган «Бойжигит» маҳалла фуқаролари учун барча қулайликларга эга бўлган янги маҳалла биноси фойдаланишга топширилди.

Давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган маҳалла биносида келгусида аҳоли вакилларига сифатли хизмат кўрсатиш учун барча имкониятлар мавжуд. Ҳудудларда 164 та маҳалла биноси қурилиши давом этмоқда. 2021 йилнинг биринчи чорагида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Чирчиқ шаҳри, Бекобод, Янгийўл, Бўка, Қуйи Чирчиқ, Юқори Чирчиқ туманларидаги 108 та маҳалла фуқаролар йиғинлари идораси зарур мебел жамланмалари билан тўлиқ таъминланди. Шунингдек, Олмалиқ, Чирчиқ, Янгийўл шаҳарлари, Бўстонлиқ, Зангиота, Қибрай ва Оҳангарон каби туманлардаги жами 1 минг 384 та маҳалла идорасига компьютер жамланмалари берилди. Узоқ ҳудудларда жойлашган 26 та маҳалла фуқаролар йиғинлари интернет тармоғига уланди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш ва тадбиркорликка жалб қилиш борасида ҳам ишлар қилинмоқда. Бу борада ўз меҳнати туфайли юқори натижаларга эришаётган оилалар тажрибаси оммалаштириляпти. Ҳозир томорқачиликдан яхши даромад топаётганлар кўп. Бу борада Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши, «Томорқа хизмати» МЧЖ томонидан туман-шаҳарларда аҳолига кўрсатиладиган хизматлар, етиштирилган маҳсулотни сотиш билан боғлиқ амалий ёрдамлар кўрсатиляпти.

Барча жойларда бўлгани каби Пискент туманида ҳам аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, очиқ ва ёпиқ майдонларда маҳсулот етиштирувчи оилалар бор. Ҳовлисидаги токзорни плёнка билан ёпиб, иссиқхонадан йилига 3-4 марта ҳосил етиштириб, 100 миллион сўмгача даромад қилган уста боғбон Раҳимбой Мажидов тажрибаси барча МФЙларда оммалаштириляпти.

– Ишимни жуда яхши кўраман, – дейди тажрибали боғбон Раҳимбой ака Мажидов. – Ҳар йили мавсумда юқори ҳосил олишга ҳаракат қиламиз. Етиштирган маҳсулотларимизни ички бозорга етказамиз. Меҳнатимиз ортидан кам бўлмадик, даромадимиз ҳам юқори бўляпти. Оиламиз тотув, фарзандларимизнинг бандлигини таъминладик.

Ҳозир Пискент туманидаги «Темир дафтар»даги оилаларни томорқачиликка жалб этиш чоралари кўриляпти. Бунинг учун баҳор мавсуми бошида зарур мевали дарахт ва сабзавот кўчатлари етказиб бериляпти. Туманда 17 минг 536 та томорқа мавжуд бўлиб, унинг 1 минг 200 тасида иссиқхона қуриб фойдаланилмоқда.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури доирасида вилоят аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, уларнинг доимий даромад манбаларини яратиш, қишлоқлар (маҳаллалар)нинг архитектура қиёфасини янгилаш ва ҳудудларини ободонлаштириш бўйича жорий йилда режалаштирилган ишлар бор.

Дастлабки саъй-ҳаракатлар жойларда бошлаб ҳам юборилган. Ангрен шаҳридаги «Тараққиёт» МФЙ «Обод маҳалла» дастурига киритилган бўлиб, ҳудудни комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. Ҳудудда электр энергия таъминотини янада яхшилашга эътибор қаратилаяпти. Хусусан, маҳалла ҳудудида шу кунларда ободонлаштириш ва коммуникация билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Ангрен ШEТК томонидан дастурга мувофиқ, мазкур маҳаллага жами 30 та темир-бетон таянчини ўрнатиш белгиланган. Жараён изчил давом этаяпти.

Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашининг қарорига кўра, энг катта маҳаллалардан бўлган «Зарбулоқ» ва» Олмалиқсой» МФЙ ҳам жорий йил «Обод маҳалла» дастурига киритилган. Шу боис, маҳаллани тўлиқ хатловдан ўтказиб, таъмирлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш чоралари кўрилмоқда.

Бу маҳаллада бугунги кунда 828 та хонадонда жами 3 минг 880 нафар аҳоли яшайди. Маҳалла аҳлининг аксарияти паррандачилик ва чорвачилик ҳамда кунбай ишлайди. Бу ерда бирорта мактаб, боғча, дорихона, спорт майдончаси мавжуд эмас. Йўллар, кўча ёритиш чироқлари таянчлари таъмирталаб аҳволда. Хонадонларга интернет тармоғи етиб келмаган. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш эса молиявий таъминотга боғлиқ. Шу боис, маҳаллани ободонлаштиришдан аввал, ажратилган маблағдан келиб чиқиб, ишлаб чиқилган лойиҳа асосида таъмирланиши белгилаб олинди.

Жумладан, 4-сектор ҳудудида жойлашган «Зарбулоқ» МФЙнинг ички йўллари асфальтланиб, чироқлар ўрнатилиши, ҳудудга алоқа тармоғи тортиб келиниши режалаштириляпти. Бу ерда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган фуқароларга ёрдам бериш, ёшларни иш билан таъминлаш, аёлларни қўллаб-қувватлаш ҳам белгиланган. Бунинг учун маҳаллага шаҳардаги барча корхона-ташкилотлардан қўшимча куч ва воситалар жалб қилинмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 18-19 март кунлари Тошкент вилоятига қилган ташрифи давомида маҳаллаларнинг ижтимоий ҳолати, аҳолининг кайфиятига ҳам алоҳида эътибор қаратган эди. Вилоятда янги турар жойлар қуриш, эски уйларни қайта таъмирлаш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш, электр энергияси, иссиқлик, ичимлик суви таъминоти, шаҳарларда коммунал хизматларни яхшилаш бўйича масъулларга зарур топшириқлар берган эди.

Таъкидлаш жоиз, Президентимизнинг қарори асосидаги саъй-ҳаракатлар ҳозир вилоятнинг барча жойларида бошланган. Мақсад аҳолига қулайлик яратиш, «маҳаллабай» асосида ишни ташкил этиш, шу орқали аҳолини қийнаб келаётган кўплаб муаммо ва камчиликларни ҳал этишдир.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундиришИшонч телефони5 Июнь 202117 Июнь 2021Андижон вилояти

Фойдали ресурслар