2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Жиззахда суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабул натижалари қандай бўлди?

Президент Халқ қабулхоналари Жиззах туманларида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил қилган оммавий қабуллар платформаси вилоятнинг энг олис, чекка ҳудудлари аҳолиси учун муаммоларига ечим топиш, раҳбарлар учун эса ўз соҳалари бўйича ҳудуддаги тизимли муаммоларни аниқлаш имконини берди.

Олий суд ва Судьялар олий кенгаши масъуллари уч кунлик қабулларда 559 та ариза ва шикоятларни кўриб чиқар экан, уларнинг 171 тасига жойида ечим топди. Яъни 171 нафар инсоннинг жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича судлар билан боғлиқ масаласи ҳал қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар, Шароф Рашидов, Бахмал, Мирзачўл, Арнасой, Зафаробод, Пахтакор, Зомин туманлари судлари ташкил қилган сайёр суд мажлисларида 55 та иш кўриб чиқилди, уларнинг барчаси – 55 нафар шахс жазони ўташда муддатидан олдин шартли озод қилинди. Яъни уларга ўз ҳаётини ўнглаб олиши учун яна бир имконият берилди, бу шартли озодликка чиқишнинг шарти эса битта – бошқа жиноят йўлига кирмаслик, ҳуқуқбузарлик содир этмаслик. Акс ҳолда кейинги гал бериладиган жазо янада оғирроқ бўлади.

Мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича Зафаробод ва Пахтакор туманлари судларидаги суд мажлисларида кўриб чиқилган ишлар натижасида эса 7 нафар шахсга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш жазолари енгилроғи билан алмаштирилди. Бўкалик Умиджон Мамажонов содир қилган безорилик жинояти учун қамоқ жазосини ўтаётган эди. Унинг жазони енгиллаштириш тўғрисидаги илтимосномаси судда кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди. Яъни қамоқ жазоси ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди.

Жиззах вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати эса пахтакорлик Азамат Худойбердиевнинг айбини тўлиқ тушуниб етгани ва оиласида ягона боқувчи эканини инобатга олиб, унга нисбатан тайинланган маъмурий қамоқ жазосини жарима жазосига алмаштирди. Шу билан бирга қабуллардаги мулоқотлар натижасида 36 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар суд мажлисида кўрилиб, уларнинг аризаси қаноатлантирилди. Яъни 36 киши маъмурий жавобгарликдан озод қилинди, битта шикоят бўйича суд қарори ижроси тўхтатилди.

Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича судлар 16 нафар шахснинг алимент, 13 кишининг иш ҳақини, 3 нафар мурожаатчининг моддий-маънавий зарарни, 3 нафар шахснинг қарз, таъминот ва компенсация ундириш, 8 та ҳолатда юридик аҳамиятга эга фактларни белгилаш бўйича аризаларини қаноатлантирди. Тарафлар ярашганлиги сабабли алимент ундириш ҳақидаги 2 та суд буйруғи бекор қилинди, 3 та ҳолатда даъвогар даъвосидан воз кечганлиги боис мазкур суд ишлари юритишдан тугатилди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбатлар олиб борилиб, 5 та оила яраштирилди, вояга етмаган 10 нафар фарзанднинг ҳаётига дарз кетишининг олди олинди. Жиззах туманлараро иқтисодий суди 5 нафар тадбиркорнинг 148,55 миллион сўмлик даъво талабларини қаноатлантирди.

Уч кунлик қабулларда келиб тушган 103 та мурожаат бўйича аризалар кассация тартибида кўриб чиқиш учун Олий суднинг тегишли судлов ҳайъатига ўтказилди. Бу – 103 нафар мурожаатчининг ишини Олий судга тақдим қилиш учун пойтахтга келиб-кетишининг олди олинди.

Бахмаллик Нурбек Анкабоевнинг арз қилишича, у 2013 йил ҳудуддаги бир жиноят ҳақида хабар бериб, бошига бало орттирган, ҳатто 3 йил умрини панжара ортида ҳам ўтказган. У Олий суддан ишни қайта кўриб чиқиб, барча ҳолатга қонуний баҳо беришни сўрамоқда. Мурожаатидан сўнг бу ариза асосидаги иш ҳам Олий судда қайта кўриб чиқиладиган бўлди.

Бош прокуратура мутасаддилари кўриб чиққан 185 та масаланинг 22 таси жойида ҳал қилинди. Зоминлик Наргиза Тоғаеванинг мурожаатидан сўнг шу куннинг ўзида унга 3 ойлик алимент пуллари ундириб берилди, қўшимча даромад топиши учун тикув машинаси ҳам совға қилинди.

Назира Тожибоева 2018 йилда Жиззах шаҳридаги уй-жойи, Тожи Муслимова ва Зухра Сангилова эса 7 йил аввал вилоят марказида жойлашган савдо дўконлари бузилгани учун компенсация пули берилмаётганидан шикоят қилиб келади. Бу масалаларни вилоят ҳокимлиги билан ўрганиб чиқиш ва ҳал қилиш бўйича Жиззах вилояти прокуратурасига аниқ муддатли топшириқ берилди.

Ички ишлар вазирлиги масъуллари кўриб чиққан 78 та масаланинг 24 таси шу ерда ҳал қилиб берилди. Гулбаҳор Аҳмедованинг эса неварасини хорижда ишлаётган қизига, яъни болани онасининг олдига олиб бориб бериши учун паспорт-виза билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишда кўмак кўрсатиладиган бўлди. Соғлиғини тиклаш учун Ҳиндистонга бориши лозим бўлган бахмаллик Шерали Қорақулов ва унинг турмуш ўртоғига хорижга чиқиш паспорти расмийлаштириб берилди.

Форишлик Комила Эрмонова эса бу галги оммавий қабулга раҳмат айтиш учун келди. Сабаби бу аёл 3 йил аввал фирибгарларга дуч келиб, Жиззах шаҳри “Зилол” маҳалласидаги уйидан айрилишига бир баҳя қолган, ўтган йили ўтказилган худди шундай мулоқотлардаги мурожаатидан сўнг эса ички ишлар органлари жиноят иши очган эди. Шу йил март ойида суд бу ишни кўриб чиқди ва суд ҳукми билан Комила Эрманованинг ўз уйига эгалик ҳуқуқи тикланди. Мулоқотларда аёлга суд қарорининг ижросини таъминлашда ҳам кўмак кўрсатилиши таъкидланди.

Мулоқотлар давомида барча ташкилот-идораларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида 47 нафар мурожаатчи ишга жойлаштирилди, ижтимоий ҳимояга муҳтож 20 нафар фуқароларга тикув машиналари ва электр пайвандлаш ускуналари берилди, “темир дафтар”даги 60 та оиланинг тўпланиб қолган 1,6 миллиард сўмлик ипотека кредити қарздорлиги маҳаллий бюджетдан қоплаб бериладиган бўлди.

Жиззах вилоятида ўтказилган оммавий қабулларда 1 минг 67 нафар мурожаатчининг 1 минг 156 та масаласи кўриб чиқилди. Уларнинг 315 таси жойида ҳал этилди, 275 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 566 та масала бўйича Халқ қабулхоналари томонидан аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундиришИшонч телефони5 Июнь 202117 Июнь 2021Андижон вилояти

Фойдали ресурслар