2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Танзила Норбоева Янгийўл ва Қуйи Чирчиқдаги аёллар муаммоларини ўрганди

Тошкент вилоятидаги хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишаётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги ишчи гуруҳ Янгийўл ва Қуйи Чирчиқ туманларида ҳам бўлди.

Мазкур ҳудудларда хотин-қизлар турмуш шароитини яхшилаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш бўйича амалга ошириш лозим бўлган вазифалар жуда кўп.  

  Янгийўл туманида қизил ҳудудга киритилган  “Жамбул”, “Пахта”, “Эпкенди” маҳалла фуқаролар йиғинларида айрим муаммолар бор.

Танзила Нарбаева тумандаги “Юксалиш” МФЙда  “Аёллар дафтар”га киритилганларни иш билан таъминлаш борасидаги вазифалар ижроси билан танишиш мақсадида “Анора Ғилоф Барака” тикувчилик корхонасига борди.

Бу ерда меҳнат қилаётган 15 нафар хотин-қиз билан суҳбатлашаркан, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир қишлоқ аёли тақдири билан шахсан қизиқишини, уларнинг оила ва жамиятдаги беқиёс ўрнини қадрлашини айтиб ўтди.

Нов қишлоғида яшовчи Беҳзод Мадраимов хонадонида ҳунармандчилик билан шуғулланиб,   қишлоқ аёлларини иш билан таъминлаган. Ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашувда уста тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, қишлоқ ёшларига бу ҳунарни ўргатиш илинжида эканлигини айтди. Бунинг учун ён атрофдан ер майдони ажратилишини сўради. Унинг таклифи Ишчи гуруҳ томонидан маъқулланди.

Қуйи Чирчиқ туманидаги  “Алким Текстил” МЧЖ корхонасида 150 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар ишламоқда. Т.Норбоева бу ерда бежирим кийим-бош тикаётган хотин-қизларнинг иш ва яшаш шароити билан қизиқди. Улар тайёрлаётган маҳсулотлар хорижда яхши харидоргирлигидан хурсанд бўлди.

 Жамғирчи қишлоғидаги мулоқотларда “Аёллар дафтари”да киритилганларнинг ижтимоий ҳимояси, оилалардаги турмуш қийинчиликларини енгишда аёлларнинг матонатли бўлишига алоҳида тўхталиб ўтилди.

 Суҳбат жараёнида имконияти чекланган, 18 йилдан буён ижарада яшаётган Ўлмасой Тошхўжаевага тикув машинаси олиб бериладиган бўлди. Холқиз Носировани эса 8 йилдан буён жигар церрози қийнайди. Даволаниш учун имконияти чекланган. Унинг ҳам муаммоси ечим топди. Иккинчи гуруҳ ногирони, эшитиш ва гапириш қобилиятини юқотган Наргиза Ҳалимова, камқонлик дардига чалинган Яхшигул Тошбоеваларга амалий ёрдам кўрсатилди.

 Сенат Раиси Халқ депутатлари Янгийўл ва Қуйи Чирчиқ туман кенгашлари депуталари билан иш куни якунлари юзасидан учрашув ўтказди. Унда аҳоли ва хотин-қизлар томонидан кўтарилган муаммолар ечимини топиш, аёлларга ҳар томонлама кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.

Фойдали ресурслар