2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Навоийда суд-ҳуқуқ соҳасига оид сайёр қабуллар ниҳоясига етди

Жорий йилнинг 18-20 март кунлари Навоий вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Р.Махмудова раҳбарлигида Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси раҳбар ходимлари иштирокида фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш учун янада қулай шароит яратиш мақсадида оммавий сайёр қабуллар бўлиб ўтди.

Сайёр қабуллар давомида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида истиқомат қилувчи фуқароларни қамраб олишга ҳаракат қилинди. Шунинг учун Учқудуқ, Томди ва Зарафшон шаҳарлари учун Зарафшон шаҳрида, Қизилтепа ва Конимех туманлари учун Қизилтепа туман марказида, Ғозғон шаҳри, Навбаҳор, Нурота ва Хатирчи туманлари учун Навбаҳор туманида, Навоий шаҳри ва Кармана тумани учун Кармана тумани марказида сайёр қабул ташкил этилди. Ўтказилган сайёр қабулда биргина Олий суд масъуллари томонидан жами 494 нафар фуқаро мурожаати қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 392 та оғзаки ва 102 та ёзма мурожаатининг 263 таси жиноят, 158 таси фуқаролик, 47 таси маъмурий, 26 таси иқтисодий ишлар буйича судларга оид мурожаатларни ташкил этди.

– Жами 494 та мурожаатдан 283 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 109 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, қаноатлантирилди, – дейди вилоят суди раиси Хамидулла Қудратов. – Шунингдек, 102 та фуқаронинг ёзма мурожаати қабул қилинди, шундан 65 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида хал қилиш учун қабул қилинди, ушбу мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилиб,тегишли судлов хайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди.

Ижобий ҳал этилган мурожаатлар таҳлил этилганда, 45 нафар шахс жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод қилинди, 16 нафар фуқаро шахс жазоси енгилроғи билан алмаштирилди. 46 нафар маҳкум умумий тартибли колониядан манзил колонияга ўтказилган бўлса, 2 нафар фуқарога оид жиноят иши уларнинг ярашганлиги бўйича тугатилди. Шунингдек, 1 нафар чет эл фуқароси томонидан солиқ имтиёзларини тадбиқ этмаслиги юзасидан берилган таклифи қабул қилинди.

– Ўттиз ёшга кирганман, – дейди ўғрилик жинояти учун беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилган Қарши шаҳрилик Хуршид Салимов (исми шарифи ўзгартирилди ). – Отам ташлаб кетган, онам вафот этган. Жазонинг ярмини ўтаб, қилмишимдан чин дилдан пушаймон бўлдим. Бугун озодликка чиқсам, Андижонга тоғамнинг ёнига бориб ишлаш, оила қуриш ниятим борлигини билдирдим. Суд мени озод этиш билан бирга ишга жойлашишимда ҳам ёрдам кўрсатишини айтди. Бу мен учун жуда катта имконият.

Шунингдек, ташриф давомида Олий суд раиси биринчи ўринбосари Р.Махмудова Навоий вилоят суди, вилоят маъмурий суди раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьялар билан Навоий шаҳридаги Меҳрибонлик уйига бориб, тарбияланувчи ёшларни, уларнинг қалбларига меҳр бериб, ўз фарзандларидек тарбиялаб келаётган тарбиячиларни яқилашиб келаётган Наврўз айёми билан муборакбод этди.

Ташриф давомида тарбияланувчи ёшлар томонидан байрам туҳфаси учун тайёрланган тадбир саҳналари томоша қилиниб, уларга турли китоблар, ўқиш жараёнида зарур бўлган ўқув қуроллари, қимматбаҳо савғалар тақдим этилди ва энг эзгу тилаклар билдирилди.

Самарали ўтган қабуллар мурожаатлар ижобий ҳал этилиши билан бирга алоҳида назоратга олинганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Фойдали ресурслар