Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг
виртуал қабулхонаси
Сизда ҳал этилмаган масалалар/муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифлар борми?
У ҳолда мурожаатингизни тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Президентига 3 хил усулда:
қўнғироқ қилиш, мурожаат юбориш ёки Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналарига ташриф буюриш орқали юборишингиз мумкин.

Виртуал қабулхонага 1 миллионта мурожаат тушди

2017.07.21

2017 йил 21 июль куни соат 16:45 да Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига 1 миллионинчи мурожаат рўйхатга олинди. 


10 ойда миллионта мурожаатнинг келиб тушиши халқнинг давлатимиз раҳбарига, мазкур янги институтга бўлган ишончни кўрсатади. Бу рақам Виртуал қабулхона аҳоли муаммоларини ҳал қила оладиган механизм эканлигини ҳам тасдиқлайди.
Шу ўринда, бир маълумот: Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналари институтлари мажмуи, уларни ишлатувчи давлат органлари тизими бошқа ҳеч қайси давлатда жорий этилмаган. Ҳар бир мурожаат назоратга олиниши эса янги тизимнинг энг эътиборли томонидир.

Албатта, келажакда соатдек ишлайдиган шундай тизим йўлга қўйилиши керакки, ҳар бир соҳа ва идоранинг самарали фаолияти ариза ва шикоятлар ёзишга эҳтиёж қолдирмайдиган ва инсонлар тўсиқларга дуч келмасдан ўз масалаларини ҳал эта оладиган даражада бўлиши лозим.


Бироқ, ҳали олдимизда ўз ечимини кутиб турган талайгина муаммо ва камчиликлар мавжуд эканини яхши тушунамиз. Айрим мурожаатлар қуйи даражадаги ижрочилар томонидан лозим даражада тўлақонли ва сифатли кўриб чиқилмоқда, деб айтиш қийин. Баъзи муаммоларнинг ечими эса, айниқса ижтимоий-иқтисодий, коммунал соҳадаги масалалар давлатимизда рўй бераётган ислоҳотларниниг кўлами ва натижаси билан боғлиқдир ҳамда маълум бир вақтни талаб этади.


Лекин бу муаммоларга албатта барҳам берилади. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил ҳаётга тўлиқ татбиқ этилади.
Виртуал қабулхона эса бунга ўз ҳиссасини қўшади.