2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Сайёр қабул: Муаммонинг катта-кичиги бўлмайди, гап унга муносабат, ечимида

Кейинги тўрт йил ичида мамлакатимизда халқ билан мулоқотнинг самарали механизми яратилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг виртуал қабулхонаси ишга туширилганлиги, вилоят, шаҳар ва туманларда Президент Халқ қабулхоналари фаолиятининг изчил йўлга қўйилганлиги аҳоли кундалик турмуши, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, хизмат соҳаси, тадбиркорлик ривожидаги муаммо ҳамда камчиликларга барҳам бериш орқали тараққиётни жадаллаштиришга хизмат қилмоқда.

Айни жараёнда жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар ҳам халқ ичига кириб бориш, унинг ташвиш ва муаммоларини чуқур ўрганган ҳолда тегишли идора ва ташкилотлар билан бамаслаҳат ҳал этишнинг натижадор воситаси сифатида муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида Президентнинг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхоналарига фуқаролар ҳамда юридик шахслар томонидан 9445 та мурожаат келиб тушган. Асосан ер участкаси ажратиш, газ, электр, ичимлик сув таъминоти, бандлик, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти, коммунал соҳа, фуқаролар ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ ушбу мурожаатларнинг 6963 таси қаноатлантирилган бўлса, республика миқёсидаги идора ва ташкилотларга тегишли, шунингдек, ечими катта маблағ ва вақт талаб этадиган 1141 муаммо бўйича жараён давом этмоқда. 1225 нафар мурожаатчига эса тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Мазкур йўналишдаги ишлар бир қарашда меъёрига солингандай кўринсаа, наманганликлар томонидан пойтахтга, хусусан, Давлатимиз раҳбарининг виртуал қабулхонасига мурожаатлар келиб тушиши давом этмоқда.

Жорий йил ноябрь ойининг дастлабки кунларида вилоятнинг Чуст, Тўрақўрғон, Чортоқ ва Учқўрғон туманларида Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари бошчилигида йигирмадан ортиқ вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида сайёр қабуллар ташкил этилиб, фуқароларнинг мурожаатлари ўрганиладиган бўлди.

Дастлабки куни Чуст шаҳрида ташкил этилган оммавий қабулда Чуст, Поп ва Мингбулоқ туманлари фуқаролари томонидан қўйилган масалалар ечимига жавоб изланди. Мурожаатчилар бу ерда йўналишларга ажратилган масалалар бўйича тегишли мутасаддиларга учраб, ўзларини қийнаётган муаммо юзасидан тегишлича жавоб олишди. Хўш, одамларни қандай муаммолар ташвишга солмоқда? 

— Маҳалламиздаги ички йўлнинг ўйдим-чуқур, ёзда чанг, қишда лой аҳволидан зада бўлганмиз,-дейди Чуст шаҳрининг Маърифат кўчасида яшовчи Мирсаъди ота Жалилов. – Айниқса, болаларга қийин, озгина ёғингарчилик бўлган куни лой кечиб мактабга бориш муаммога айланади. Бу масалада тегишли идораларга кўп бор мурожаат қилганимизга қарамай ҳолат ўзгармади. Ва ниҳоят бугунги сайёр қабулда дардимизга қулоқ тутишди. Ҳудудий йўлсозлик корхонаси ёғин-сочинли кунларга қадар йўлимизни таъмирлаб берадиган бўлди.

Шу куни республика Транспорт вазирлиги ҳузуридаги автомобиль йўллари қўмитаси мутасаддилари томонидан йўллар ҳолати билан боғлиқ 7 та мурожаат қабул қилинди. Улардан иккитасининг тезкор ижроси таъминланиб, Чуст шаҳридаги Янгийўл кўчасининг 600 метрлик қисмига дарҳол асфальт ётқизилди. Резаксой маҳалласидаги Ғова кўчасининг 1,1 километри шағалланди.

«Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятига қарашли «Кўмиртаъминот» масъулияти чекланган жамияти вакиллари 40 нафар фуқаронинг ёқилғи билан боғлиқ мурожаатларини тинглашди. 20 нафар мурожаатчининг талаби шу куниёқ қондирилди. Айни жараёнда хайрли ишга қўл урилиб, бир нафар меҳнат фахрийси ва бир нафар ногироннинг уйига 3 тонна кўмир бепул етказиб берилди.

— Наманганга қуруқ қўл билан келганимиз йўқ,-дейди МЧЖ раҳбари Арслон Қаюмов.- Кейинги икки кун ичида вилоятга 98 вагон кўмир ортдик. 33 вагони етиб келди. Қолгани ҳам бугун-эрта келади. Бу билан кўмир таъминотида узилиш бўлмаслигига кафолат яратилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан вазир ўринбосари Элмира Боситхонова фуқаролар мурожаатларига пешвоз чиқди. Асосан пойтахт ва вилоят марказидаги шифохоналарда даволаниш учун йўлланма олиш масаласидаги 35 та мурожаатнинг 19 таси жойида ҳал этилган бўлса, 18 нафар мурожаатчи учун кейинги кунларда тажрибали мутахассислар кўриги ташкил этиладиган бўлди. Ногиронлар аравачасига эҳтиёжманд икки нафар мурожаатчининг талаби ҳам қондирилди.

Куннинг иккинчи ярмида Тўрақўрғон туманида ўтказилган қабулга Косонсой, Наманган ва Тўрақўрғон туманларидан 200 дан зиёд фуқаро ташриф буюрди. Улар томонидан меҳнат ва бандлик, ҳуқуқ идоралари фаолияти, соғлиқни сақлаш, таълим, коммунал ва уй-жой соҳаси билан боғлиқ масалаларга мутасаддилар томонидан ечим изланди. Таҳлиллародамлар кўпроқ турар-жой, хусусан, ер участкаси, бизнес юритиш учун ер олиш масаласида қийинчиликка дуч келаётганини кўрсатади. Масалан, Наманган туманининг Ибрат маҳалласида яшовчи Музаффар Мўминов мебелсозликка асосланган тадбиркорликни йўлга қўйишни мақсад қилган. Ишни юритиш учун эса жой керак. Унинг шу мақсадда сайёр қабулга қилган мурожаати тегишли мутасаддилар олдига қўйилди, цех учун ер ажратиладиган бўлди. Айни йўналишдаги масалада қийналиб юрган Илҳом Асроқулов, Муҳаммадали Саидов сингари тадбиркорларга ҳам ўз ҳудудларидаги бўш турган бинолар чеварчилик учун тақдим қилинди. Урганжи маҳалласида оиласи билан каталакдек жойда яшаётган Саёҳат Юнусова ҳам қўшимча тураржой қуриш учун 2 сотих ер ажратилганлигидан мамнун.

Оммавий қабул одамларнинг сиёсий ва ижтимоий қарашлари ўзгариб бораётганлиги, чунончи, кўпчилик шахсий муаммолар билан ўралашиб қолмай жамият, кўпчилик манфаатини кўзлаган масалаларни ўртага ташлаётгани, тараққиётга хизмат қилувчи таклиф ва мулоҳазаларни кўтариб чиқаётганлигини кўрсатмоқда. Масалан, Наманган тумани фуқароси Бекзод Абдусаматов ўзи яшаётган Қумқўрғон қишлоғида интернет алоқаси яхши эмаслиги, бу айниқса, коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин кунларида мактаб ўқувчилари учун онлайн дарсларни ташкил этишда муайян қийинчиликлар келтириб чиқарганини айтиб, муаммо ечимида ёрдам сўради. Масала ечими «Ўзтелеком»нинг туман филиалига топширилди. Яқин вақт ичида қишлоқ телефон станцияси туман марказидан тортилган оптик алоқа тармоғига уланади ва хонадонларга сифатли интернет хизмати кириб боради.

Тўрақўрғонлик Исъҳоқжон Нишоновнинг таълим сифатини яхшилаш билан боғлиқ таклифи ҳам халқ таълими вазирлиги мутасаддилари томонидан қўллаб-қувватлаб кутиб олинди.

Эртага сайёр қабул давом этади. Мутасаддилар Чортоқда Уйчи, Чортоқ, Янгиқўрғон туманлари ҳамда Наманган шаҳри, Учқўрғонда эса Норин туманлари аҳолисининг мурожаатларини тинглайдилар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси

Фойдали ресурслар