2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Нанайдаги сайёр қабулда вилоят ҳокими юзга яқин мурожаатларни кўриб чиқди

Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ ва тезкор чоралар кўриш мақсадида вилоятга раҳбарлик фаолиятидаги илк сайёр қабулини Янгиқўрғон туманидаги Нанай қишлоғида ўтказди.

Вилоят марказидан 60 километр узоқликда, чегара ҳудудда ташкил этилган сайёр қабул давомида Янгиқўрғон, Чортоқ, Уйчи, Учқўрғон туманлари ва Наманган шаҳридаги фуқаролардан келиб тушган юзга яқин мурожаатлар вилоят ва туман секторлари, тегишли вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирокида атрофлича кўриб чиқилди.

Уй-жой, ер ва кредит ажратиш, бандлик, тадбиркорлик, фермер хўжалиги, ҳудудлардаги йўл, сув ва электр таъминотини яхшилаш, тиббий хизматдан фойдаланишга кўмаклашиш каби масала, муаммолар ўрганиб чиқилиб, белгиланган тартибда ижобий ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар юклатилди.

“Izzatullayev inturist” оилавий корхонаси раҳбари Шуҳрат Иззатуллаев Нанайнинг баҳаво жойларидан бирида туристлар оқимини кўпайтириш мақсадида қиймати 1 миллиард 383 миллион сўмга тенг лойиҳага қўл уришни мўлжаллаб турибди. Бунинг учун тадбиркорга 500 миллион сўм кредит маблағи зарур. Бу борада вилоят раҳбаридан амалий ёрдам сўради. Лойиҳа суммасининг қолган қисмини ўз ҳисобидан қоплашини айтди. Масалага шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Марказий банк вилоят бошқармасига кредитни тезкорлик билан расмийлаштириш, вилоят туризмни ривожлантириш бошқармасига лойиҳани амалга оширишда яқиндан кўмаклашиш вазифаси топширилди.

– 19 йилдан бери астма касаллигидан азият чекиб келаман, – дейди уйчилик фуқаро Асила Ҳожимирзаева. – Соғлигимни яхшилаш мақсадида Тошкентдаги тиббиёт институти клиникасида даволаниш учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси кўмагида ордерга эга бўлдим. Аммо муолажага дори-дармон олиш учун пулим йўқлиги сабабли вилоятимиз ҳокимидан ҳомийлик ёрдамини кўрсатишларини сўрадим. Сайёр қабулдан қониқиш ҳосил қилдим. “Қизил ярим ой” жамияти вилоят филиали томонидан зарур ёрдам оладиган бўлдим.

Тадбиркор Соҳиба Отабоева 2018 йил февраль ойида Наманган тумани Қумқўрғон маҳалласи ҳудудида жойлашган стадионни тендер-аукцион савдоси орқали сотиб олади. Бироқ болалар ўйингоҳи барпо этиладиган бу ерда туман ҳокимининг қарори билан кўпқаватли уйлар барпо этилди. Натижада тадбиркорга Наманган шаҳридаги Соҳибкор маҳалласидаги бўш турган 27 сотихли қуруқ ер ажратилиши маълум қилинади. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг қарорини чиқариш кераклиги ҳақида йўлланган мурожаат эътиборсиз қолмади.

Чортоқ туманидаги “Маткарим азиз” оилавий корхонаси таъсисчиси Акрамжон Маткаримов ҳам “снос”дан жабр кўрганлардан. У Фурқат номидаги маданият ва истироҳат боғини обод ва серфайз гўшага айлантириш мақсадида хориждан 170 минг доллар маблағ эвазига аттракционларни олиб келганди. Таассуфки, Жаҳон банки лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари сабабли боғ бузиб юборилди. Вилоят раҳбари сайёр қабулга келган тадбиркорни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тумандаги фойдаланилмай турган жойдан ер ажратиб бериш юзасидан туман ҳокимлигига кўрсатма берди.

Уч соатга яқин кечган сайёр қабулда, шунингдек, вилоят Адлия, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Бандлик, Соғлиқни сақлаш, Молия, Марказий банк, Халқ таълими, Мактабгача таълим бошқармалари, коммунал хизматлар корхоналари, вилоят Фуқаролик ва Жиноят ишлари бўйича судлари масъул ходимлари ҳам фуқаролар мурожаатларини тингладилар. Муаммо ва масалалар ечими юзасидан тегишли тавсия ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.

Бу каби қабуллар фуқароларнинг адолат излаб идорама-идора юриши ёки пойтахтга овора бўлиб келиб-кетишининг олдини олиб, муаммони жойида ижобий ҳал этиш имконини беради. Энг муҳими, вилоят раҳбарининг халқ ҳузурига бораётгани қуйи тизимларда ҳал бўлмаётган масалаларга ечим топилишига хизмат қилади.

 

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти

Фойдали ресурслар