2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Аҳолига газ етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар қачон ўз ечимини топади?

Куз-қиш мавсуми бошланди дегунча чекка ҳудудлардаги қишлоқлар аҳолисини электр ва газ муаммоси ташвишлантиради.

Одамлар қиш ғамини баҳорданоқ ейишни бошлайди. Кимдир арзон ўтин, яна кимдир тахта қириндиси олишга ҳаракат қилади. Баҳорданоқ қўлларига резина қўлқоп кийиб тезак тайёрлайди. Бу айнан кўриб, гувоҳи бўлган ҳодисалардан. Лекин “тепа”даги соҳа масъуллари бу муаммога қўл учида қарайдими ёки масъулиятсизликми тушуниш қийин.

 

Газ баллонларда суюлтирилган газ етказиб бериляптику, дейишар. Аммо икки ойда бир тарқатиладиган ушбу газга овқат қилсинми, уйини иситсинми, ювиниш хонасига қўйсинми? Ёш болалари, қариялари, келин-қуёв бор оилалар кечқурун битта хонада тиқилиб ётадими? Бу ҳам етмаганидек, газ баллонини икки кун тинимсиз ёқиб қўйсангиз, учинчи кун тугаб қолади. Кейинчи? Қолган 27 кун янги газ баллон олиб келишини кутиши керакми?

 

Газ баллони ўрнатиш хавфсизлиги, тартиб-қоидалари ҳақидаку гап бўлиши мумкин эмас. Ҳамма хоҳлаган усулда ишлатади, натижаси эса ўзингизга маълум. Деярли ҳар куни ис газидан заҳарланиш ҳолати ҳақида эшитамиз.

 

Буни барчамиз яхши тушуниб, англаб турибмиз. Лекин қачондир ушбу муаммога ечим бўлиши керакку.

 

Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси табиий газ қувурлари тизимининг ҳолати ва ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳақида бўлди.

 

Сенаторларнинг қайд этишича, жойларда аҳоли билан мулоқот давомида уларни қийнаётган ва айни вақтда долзарб бўлган муаммолардан энг асосийси бу газга бўлган эҳтиёждир.

 

Парламент сўровида кўтарилган муаммолар бўйича ёқилғи-энергетика тармоғидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, шу жумладан, истеъмолчиларнинг тобора ошиб бораётган табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш борасидаги ишлар қониқарли эмас.

 

Бугунги кунда “Худудгазтаъминот” АЖ тасарруфида республика бўйича жами 90 минг километрга яқин газ қувурлари мавжуд бўлиб, ушбу газ қувурларининг 20 минг 525 км қисми 10 йилгача, 25 минг 729 км қисми 10-25 йилгача, 42 минг 917 км қисми эса 25-30 йиллар ва ундан ортиқ муддат фойдаланиб келинмоқда.

 

Шулардан 766 километр газ қувурлари ўз вақтида алмаштирилмаганлиги сабабли мукаммал таъмирталаб, яъни тўлиқ янгилаш холатига келиб қолган. Қайд этиш лозимки, ушбу қувурларни зудлик билан алмаштириш чоралари кўрилмаган тақдирда табиий газ исрофгарчилиги кундан-кун ортиб бориши, турли авариялар ва бахтсиз ҳодисалар содир бўлиши мумкин.

 

Бу борада “Худудгазтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан эса 2020 йилда бор йўғи 68,4 километр газ тармоқлари мукаммал таъминланган ва 49,2 километр реконструкция қилинган.

 

Қолаверса, “Худудгазтаъминот” АЖ тасарруфидаги 16 минг 757 км ер ости пўлат газ қувурларини электро-кимёвий ҳимоя учун фақатгина 1 минг 305 та электр кимё ҳимоялаш воситалари ишлатилмоқда. Ушбу воситаларни лойиҳа асосида тахминан ҳар 2-3 кмга ишлатилишини ҳисобга олсак ер ости пўлат газ қувурларининг бор йўғи 2 минг 610 км қисми, яъни 16 фоизи электро-кимёвий ҳимояланган. 14 минг 147 км ер ости пўлат газ қувурлари эса умуман ҳимояланмаган.

 

“Ўзтрансгаз” АЖ тасарруфидаги магистрал газ қувурларининг лойиҳаларида кўзда тутилган 2 минг 117 электро-кимёвий ҳимоя станцияларидан, бугунги кунда фақатгина 1 минг 97 таси, ишчи ҳолатда, 761 таси эса белгиланган талабларга умуман жавоб бермайди.

 

Энг ачинарлиси, 25-30 йиллик газ қувурларини алмаштириш имкони бўлмаётган пайтда, фойдаланувга яроқли бўлган газ қувурларини асраш чоралари кўрилмаган.

 

Савол туғилади. Ушбу тармоққа жавобгар бўлган ташкилотлар 30 йил давомида нима иш қилди. Қувурларни таъмирлашга ажратиладиган маблағлар қаерга сарфланди?

 

Яна бир масала. Бугунги кунда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ тасарруфидаги газ ростлаш пунктларининг сони 80 минг 334 тани ташкил этади. Улардан 40 минга яқини 20-30 йилдан ортиқ муддат фойдаланиб келинмоқда.

 

Ушбу газ ростлаш пунктларига хизмат кўрсатувчи чилангарларни штат жадвалини қисқартирилиши натижасида газ ростлаш пунктларига ўз вақтида техник хизматлар кўрсатилмаяпти. Бунинг оқибатида кўплаб газ сизиб чиқиши холатларига ҳамда тафтиш ишларини сифатсиз бажарилишига олиб келмоқда.

 

Масалан, Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган “Тошкенттумангаз” газ таъминоти бўлими балансидаги 1минг 155 та газ ростлаш пунктларига техник хизмат кўрсатиш учун бор-йўғи 7 та чилангар бириктирилган бўлиб, ҳар бир чилангарга 155-165 тадан газ ростлаш пунктлари тўғри келмоқда.

 

Натижада табиий газ босими кўтарилиб кетиши оқибатида ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Белгиланган тартибга кўра, куз-қиш мавсумларида газ ростлаш пунктларига хизмат кўрсатувчи чилангарлар камида ҳар икки кунда бир маротаба назоратдан ўтказишлари лозим. Шунингдек, газ ростлаш пунктларининг аксарият қисми носозлиги сабабли республика газ тизимида кўплаб табиий газ йўқотишлари кузатилмоқда. Оқибатда давлат бюджетига миллиардлаб зарар келтирмоқда.

 

Бундан ташқари, “Ҳудудгазтаъминот” АЖга қарашли шаҳар, тумангаз филиалларининг моддий-техник базаси тўлиқ ва замонавий асбоб ускуналар ҳамда махсус техника билан таъминланмаган. Оқибатда республика газ тизимида содир бўлаётган авариялар ўз вақтида бартараф этилмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

 

Шу билан бирга, “Ҳудудгазтаъминот” АЖга қарашли шаҳар, тумангаз филиалларининг айрим ишчи ходимлари билим савияси ҳозирги талаб даражасида эмаслиги ва ўз вазифаларини тўлиқ бажармаётганликлари сабабли республика газ тизимида мавжуд бўлган техник қурилмаларга сифатли хизмат кўрсатилмаяпти.

 

Аҳолининг ҳаёти ва мол-мулки, атроф-муҳит, турли объектлар, газ қувурлари ҳамда ускуналари хавфсизлигига жиддий таҳдидлардан яна бири – магистрал газ қувурларининг ҳимоя зоналарида ноқонуний қурилмаларнинг мавжудлигидир.

 

2020 йилнинг 1 октябрь ҳолатига магистрал газ қувурларининг ҳимоя зоналарида аниқланган ноқонуний қурилмалар жами 2 минг 425 тани ташкил қилади. Уларнинг 1 минг 492 тасини бузиш ёки бошқа жойга кўчириш масаласида судларга киритилган даъво аризаларининг 787 таси қаноатлантирилган бўлиб, Мажбурий ижро бюроси томонидан атиги 178 таси ёки 22,6 фоизининг ижроси таъминланган.

 

Аниқланган ноқонуний қурилмаларни бузиш ёки бошқа жойларга кўчириш бўйича суд органларига ўрнатилган тартибда даъво аризаларини тақдим этиш ва уларни таҳлил қилиб бориш ишлари “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

 

Ноқонуний қурилмаларни бузиш ёки бошқа жойларга кўчириш бўйича суд органларига ўрнатилган тартибда даъво аризаларини тақдим этишда биринчи навбатда ноқонуний қурилмалар учун ер ажратишда масъул бўлган мутасаддиларга, туман ҳокимликларига нисбатан чора кўриш лозим.

 

Яна бир жиҳат. “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти фойдаланишдаги аксарият магистрал газ қувурларини техник ва маънан эскирганлиги, уларнинг диагностикаси ва техник соз ҳолатда сақлаш ишларини лозим даражада олиб борилмаётганлиги натижасида авария содир бўлиш эҳтимоли жуда юқори бўлишига қарамасдан, захира қувурлар билан таъминлаш режаси ҳам тўлиқ бажарилмаган.

 

Энергетика вазирлиги раҳбарияти аҳоли мурожаатларига, қолаверса, сенатор ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари томонидан сайловчилар талаби асосида киритилган сенаторлик сўровларига этиборсизлик билан ёндошмоқда.

 

Хусусан, жорий йил 24 февралда сенатор ҳамда 4 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари томонидан Энергетика вазири номига Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани Тошлоқ ва Ўртасарой маҳаллаларига газ таъминотини яхшилаш учун 2020 йил куз-қиш мавсуми бошлангунига қадар Юқоричирчиқ ҳудудидаги “Бектемир” ГТСдан алоҳида тармоқ чиқариб, газ қувури тортиш масаласини кўриб чиқиб, ижобий ҳал қилиш юзасидан юборилган сенаторлик сўровларига юзаки ёндошилиб, чуқур ўрганмасдан “Ҳудудгазтаъминоти” бошқаруви раиси биринчи ўринбосари берган маълумотномасини илова қилган ҳолда Энергетика вазири ўринбосари Б.Нарматов имзоси билан сенатга юзаки хат юборилган.

 

Сенатор сўровида кўтарилган ҳудудларга табиий газ умуман берилмаётган бўлса-да жавоб хатида юқорида қайд этилган маҳаллаларда табиий газ таъминотидан узилишлар кузатилган вақтида аҳоли истеъмолчиларига “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан суюлтирилган газ етказиб бериш имконияти мавжудлиги қайд этилган.

 

Таъкидлаш лозимки, 2020 йил январь-февраль ойларида мазкур ҳудуд аҳолисининг ҳар бир оиласи ойида 20 кг дан суюлтирилган газ билан таъминланиши лозим бўлса-да, “Ҳудудгаз Тошкент” МЧЖ томонидан тасдиқланган тақсимот режасига асосан ҳар бир оилага 12,2 кг дан газ етказилган.

 

Мажлисда парламент сўровида белгиланган масалалар, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлашга юзаки ёндошилганлиги кўрсатиб ўтилди.

 

Шу муносабат билан қўмита томонидан навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарининг ахборотини эшитиш масаласини киритиш тўғрисида Сенат Кенгашига таклиф киритиш юзасидан қарор қабул қилинди.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар