2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Халққа яқин хизматлар

Давлат хизматлари марказлари, айтиш жоизки, Президентимиз ташаббуси билан Халқ қабулхоналари негизида барпо этилди. Табиийки, ҳар бир фуқаро, албатта, бирор юмуш билан давлат идораларига мурожаат қилади.

Уларнинг мушкулини осон қилиш, давлат идоралари билан муносабат қилишда енгиллик яратиш мақсадида Давлат хизматлари ташкил этилди. Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир туманида жами 201 та Давлат хизматлари маркази фаолият кўрсатмоқда.

Барака топишсин

Бугун бирор юмушга эҳтиёжингиз тушиб қолса, одамлар дарров Давлат хизматлари марказлари ҳақида гапирмоқда. Кундалик турмушимизда тез-тез учраб турадиган тезкор, қулай ва шаффоф иборалари деярли ҳар бир хонадонга кириб борди, десак адашмаймиз. Аҳолига яратилган барча шароит вақтни тежаш, турли оворагарчилик ва харажатларнинг олдини олиш имконини бермоқда. Энди бу ерда фуқаро вақтини навбат кутиб ўтказмайди. Масалан, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларининг янги намуналарини бериш, солиқ тўловчининг идентификация рақамини олиш қисқа фурсатда бажарилмоқда. Ёки жамғариб бориладиган пенсия тизимига рўйхатга туриш энди аввалгидек банкка борилмасдан, марказнинг ўзида узоғи билан бир соатда ҳал бўлмоқда.

Юртдошларимиз 20-30 йиллаб эгалик қилолмаган уй-жойига мулкдорлик ҳуқуқини тиклаётганидан, манзил-маълумот ахборотларини бир зумда олаётганидан, тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан югур-югурларсиз ўтганидан қувонса, яна кимдир фарзандини боғчага жойлаштириш билан боғлиқ муаммолари, ҳужжатларни расмийлаштириш каби юмушлари ҳам ўз вақтида, самарали ҳал этилаётганидан мамнун. Бундай қулайлик ва имкониятлар ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. Хурсандчиликнинг файзу шавқи одамларимиз чеҳраларига кўчгандек гўё. Бу хушнудлик кўзлардан кўзларга, сўзлардан сўзларга ўтаётир.

– Кўз бўйича иккинчи гуруҳ ногирониман. Бекобод шаҳар, М.Ҳасанова кўчасидаги 6-уйда яшайман. Муҳтарам Юртбошимиз Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида буюк аллома Нажмиддин Кубро бобомизнинг “Муваффақиятни – саъй-ҳаракатда, муваффақиятсизликни эса – лоқайдликда кўрдим” деган сўзларини эслаб, биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқалигина тараққиётга, фаровон ҳаётга эришишимиз мумкинлигини айтиб ўтган эди. Мана шу гаплари бизни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ишлашга руҳлантирмоқда. Анчадан буён тадбиркорлик билан шуғулланишни ният қилиб юргандим. Бекобод шаҳар Давлат хизматлари маркази ходимларига раҳмат. Марказга боришимга ҳожат қолмади. Уйимга келиб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлигим тўғрисида гувоҳнома беришди. Энди тадбиркор сифатида берилган имтиёз ва қулайликлардан фойдаланиб, ҳалол меҳнат қилиб, оиламиз фаровонлиги ва тўкинлигини яхшилаш ҳаракатидаман, – деди қувониб Рўзибой Алиқулов.

– Мен фаолиятим давомида аҳоли учун ҳозиргидай яратилаётган қулайликни ҳали кузатмаганман, – деди Юқори Чирчиқ тумани “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зулфина Айтбоева. –Хушмуомалалик ҳар бир одамнинг кўнглига йўл топадиган фазилат ҳисобланади. Айниқса, давлат хизматига эҳтиёж сезиб келаётган фуқаролар очиқ чеҳра билан “Келинг, нима хизмат?” дея, қарши олинаётгани, бизнинг кайфиятимизни янада кўтариб юборади. Бугун аҳолига қулай давлат хизматини кўрсатиш, одамлар мушкулини осон қилишни мақсад қилган марказ ходимлари меҳнатидан кексаю ёш бирдек мамнун бўлмоқда.

– Зангиота туманида 200 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, – деди туман Давлат хизматлари маркази директори Акбар Дадабоев. –2018 йилда марказимиз ходимлари томонидан 23 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсга хизмат кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг шу давригача кўрсатилган хизматлар сони 61 минг 300 тага етди. Шу ўринда, марказимизда давлат хизматларидан фойдаланувчилар сони тобора ортиб бораётганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. 2018 йилда марказга бир кунда ўртача 40-45 киши иш билан келган бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 350-400 кишини ташкил этмоқда.

– Ўрта Чирчиқ туманидаги “Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаймиз. Атиги битта анкетани тўлдириб набирамни боғчага жойлаштирдик. Туман Давлат хизматлари маркази ходимлари ишимизни ярим соатда ҳал қилиб беришди. Уларнинг ширин сўзлиги, атрофингизда парвоналигини айтмайсизми. Ҳатто, сиз бир оз дам олиб туринг, деб бир пиёла чой ҳам тутишди, – деди ҳайратини яширолмай Фотима опа Утаева.

– Бир неча йилдан буён уйимизни ҳужжатлаштира олмай овора-ю сарсон бўлиб юргандик, – дея суҳбатга қўшилди “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғини, “Чароғон” кўчаси, 18-уйда истиқомат қилувчи Гулнора опа Набиева. – Туманимиздаги давлат хизматлари марказига мурожаат қилдик. Ҳоким тез фурсатда қарор чиқариб берди. Уйимизнинг кадастр ҳужжатини тайёрлаб олдик. Йиллаб битмай келаётган ишимиз кўз очиб юмгунча битди. Барака топишсин.

Барака топишсин. Бир қарашда жуда оддий, содда жумлалар. Аммо шу икки сўз замирида бугунги ислоҳотлардан шукроналик туйғуси мужассам. Бош мақсадимиз – одамларнинг ҳаётдан мамнун ва рози бўлиб яшаши учун барча шароит яратилаётганлигига ишора бор бу сўзларда.

Ишдан қайтаяпман. Такси ҳайдовчиси радио мурувватини аста бурайди. Сухандон қизнинг, сиз “Маҳалла” радиоканалини тинглаяпсиз. Эфирда “Халқ орасида” эшиттириши, деган овози янгради. Бошловчи давлат хизматлари кўрсатиш сифати ва фойдаланиш имконияти тубдан яхшиланиб бораётганлигини таъкидлади. Чиноз туман марказидан 25 чақирим олисдаги “Тонг юлдузи” маҳалла фуқаролар йиғинида Давлат хизматлари марказининг шохобчаси ҳақида маълумот бериб ўтилди. ДХМ шохобчаси туфайли, эндиликда 228 оила тезкор, қулай ва шаффоф давлат хизматларидан фойдаланадиган бўлди.

Тезкор

Барча давлат хизматлари марказларининг фаолияти ушбу тамойил асосида йўлга қўйилган. Уларнинг иш услуби шу сўзга чамбарчас боғлиқ. Бирор-бир юмуш билан келувчиларни бунга ишонтиришга, ҳар қандай муаммони тезкорлик билан ҳал этиб, аҳолининг вақтини олмасликка ҳаракат қилишади. Давлат хизматлари туфайли одамлар, энг аввало, вақтларини тежашяпти.

Бизда вақт азалдан қадрланган. Абу Ҳафс Найсобурий: “Ҳар бир вақтнинг ўз одоби бор, ким вақт одобларига риоя қилса, улуғлар даражасига етади”, дейди. Вақт одобларига риоя қилаётган Давлат хизматларининг эл орасида ҳурмат ва иззат топаётгани ҳам шундан бўлса ажаб эмас. Баҳоуддин Нақшбанд айтганларидек: “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади...”

Қулай

Инсон қаерда ва қай шароитда яшамасин, ўзига қулайлик яратишга ҳаракат қилади. Давлат хизматлари иш фаолиятининг асосини ҳам аҳолига қулай шароит яратиш мақсади ташкил этади. Бугун ундан ҳатто олис қишлоқ одамлари ҳам манфаатдор бўлмоқда. Улар учун яратилган шарт-шароит ва имконият шаҳарникидан асло қолишмайди.

Юртдошларимизга замонавий жиҳозланган бинолардаги мониторларда 120 га яқин хизмат тури юзасидан маълумотлар тақдим этилмоқда. Қолаверса, дид билан тартибга келтирилган хизмат ойналари, электрон навбат, кутиш зали, фарзанди билан келган фуқароларга она ва бола хонаси, тиббий кўмакка муҳтож одамлар учун тиббий ёрдам хонаси, кўрсатилган хизматлар тўловини амалга ошириш учун банк кассалари мавжуд. Интернетдан фойдаланиш учун бепул WiFi, замонавий кафетерия ҳам ташриф буюрувчилар ихтиёрида бўлади. Биноларда ташкил этилаётган кичик кутубхоналар эса навбат кутиб турган фуқароларнинг вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилмоқда.

Шаффоф

Тилимизда азалдан мавжуд бўлган шаффоф сўзи – тиниқ, мусаффо, зилол маъноларини беради. Кейинги пайтда шаффоф сўзини ижтимоий-сиёсий йўналишдаги бирикмаларда ҳам ишлата бошладик. Масалан, “Сиёсат шаффофлиги”, “Тамойиллар шаффофлиги”, “Хизматлар шаффофлиги”, “Молиявий шаффофлик”... Шаффофликни аниқлаш мезонлари бор. У бериладиган маълумотнинг очиқ, ишончли бўлишида, аҳолига ўз вақтида етиб боришида кўзга ташланади.

Шаффофлик – Давлат хизматлари агентлиги фаолиятининг бош мезони саналади. Шу боис, агентлик томонидан қилинаётган барча саъй-ҳаракат ва ташаббуслар унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда веб-сайти жамоатчиликка тезкор ва шаффоф хизмат кўрсатмоқда.

Халқнинг оғирини енгил қилиш

Бугун давлат билан халқ ўртасидаги мулоқот янги босқичга кўтарилди, десак адашмаймиз. Халқнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган давлат хизматларини кўрсатишнинг янгича тизими ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Тадбиркорликни ривожлантириш дейсизми, янги ишлаб чиқариш корхоналари очиш дейсизми, электрон рақамли имзо калитини олиш дейсизми, қўйингки, ҳар қандай юмуш билан марказга келсангиз, ишингиз тез фурсатда битади. Бундай шароитда ишлаш ходимлар учун ҳам, марказ хизматидан фойдаланишга келган аҳоли учун ҳам бирдек қулай бўлиб, ўзгача кайфият улашади. Яратилган қулайликлардан яна бири, марказ ходимлари олис ва чекка ҳудудларда бўлиб, мунтазам равишда фуқаролар мурожаатларини жойида ҳал этиш мақсадида сайёр (мобиль) хизмат кўрсатяпти.

Ангрен шаҳрининг Қизилтоғ (Красногорск) шаҳарчасида 17 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Биргина электр энергияси, табиий газга уланиш учун техник шарт олиш ёки солиқ, ички ишлар идораларидан маълумотномалар олиш учун 100 чақирим масофа босишга тўғри келади. Аммо Давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига сайёр хизмат кўрсатилаётгани бу каби оворагарчиликларга чек қўймоқда. Халқнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилиш учун ҳатто марказдан анча олис ҳудудларда ҳам аҳолининг давлат хизматига бўлган эҳтиёжи қаноатлантирилмоқда. Ўтган тўққиз ой давомида Ангрен шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан чекка ва олис ҳудудлар, аҳоли гавжум бўлган жойларда 4 мингга яқин сайёр хизмат кўрсатилди. Ана шундай хизматлардан кўплаб аҳоли фойдаланаётир. Бошқача айтганда, юртдошларимизнинг вақти ҳам, нақди ҳам тежалмоқда.

– Давлат хизматлари кўрсатиш борасида аҳоли учун кўплаб қулайликлар яратилмоқда, – деди шаҳарчанинг Дўстлик кўчаси, 45- уйида истиқомат қилувчи Мирқодир Миркомилов. – Юридик ва жисмоний шахсларни газ тармоқларига улаш бўйича шартнома олиш муддати 11 иш кунидан 3 иш кунига қисқартирилди. Тақдим этиладиган 2 та ҳужжат бекор қилиниб, биргина анкета тўлдириш билан чекланар экан. Ўзаро алоқаларнинг фақат электрон шаклда ахборот алмашинуви орқали амалга оширилиши ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олмоқда. Энг муҳими, марказ ходимларининг уйимизга келиб беминнат, сайёр хизмат кўрсатаётгани қувонарли. Газ тармоғига уланиш бўйича мурожаат қилдим. Ишим бу қадар тез битади, деб ўйламаган эдим. Авваллари ҳужжатларни расмийлаштиришнинг ўзи бир муаммо эди-да. Бу каби доимий эътибордан жуда миннатдормиз.

Давлат хизматлари марказининг қай бирига борманг, кириш йўлагида ходимлар сизни “Хуш келибсиз!” дея табассум билан қарши олади. Бугун олис қишлоқ ва овулларда ҳам давлат хизматлари марказларининг шохобчалари фаолият олиб бораётгани, соҳадаги ислоҳотлар эътирофга сазовор. Мақсад эса аниқ – аҳолига сифатли давлат хизматини ташкил этиш билан одамлар мушкулини осон қилиш, дарду қувончига шерик бўлиш, қисқача айтганда, халқимизни ҳаётдан рози қилиш. Буларсиз юртдошларимиз қалбида шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамлаб бўлмайди. Президентимиз таъкидлаганидек, давлат идоралари энди одамларга хизмат кўрсатадиган пайт келди.

Эркин ДОРИПОВ,

Давлат хизматлари агентлиги

Тошкент вилояти бошқармаси

матбуот хизмати бошлиғи

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси

Фойдали ресурслар