2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Ўзбекистонда энг обрўли инсон – муаллим бўлиши керак

Мамлакатимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами кенг нишонланмоқда. Байрам муносабати биланАбдулла Қодирий номидаги Жиззах Давлат педагогика университети ректори, профессор Шавкат Шарипов билан суҳбатлашдик.

– Шавкат Сафарович, Жиззах Давлат педагогика университети бу йилги “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” касб байрамини қандай ютуқлар билан қарши олди?

– “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” мамлакатимизда 26 йилдан буён умумхалқ байрами сифатида  кенг нишонланиб келинмоқда ва бу табиий ҳол, деб ўйлайман. Чунки нафақат педагогика соҳасида балки, ҳар бир йўналиш, ҳар бир соҳада – ҳар биримизни устозимиз, мураббийлариз бор ва ўз ўрнида ҳар биримиз ўз йўналишимиз доирасида шогирдлар тайёрлаймиз. Демак бу куннинг мамлакатимизда, Янги Ўзбекистонимизда умумхалқ байрами сифатида нишонланиши, ҳукуматимиз томонидан чиқарилган жуда ҳам ўринли ва ҳаққоний қарор, деб ўйлайман.

Давлатимиз раҳбари Жиззахдаги учрашувда, Президентлик сайлови олди ташрифларида Абдулла Қодирий номидаги Жиззах Давлат педагогика институтини университетга айлантириш таклифини билдирган эди. Ана шу ўтган йиллар давомида мамлакатимиздаги барча соҳалар сингари олийгоҳимизда ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилди. 

Университет профессор-ўқитувчилари томонидан 33 та дарслик, 62 та ўқув қўлланма, 75 та монография, 1 минг 344 та халқаро ҳамда 791 та республика журналларида илмий мақолалари нашр этилгани мақтанса арзигулик натижа, деб ўйлайман. 1 нафар талабамиз “Зулфия” номидаги Давлат мукофотига, 1 нафари Президент стипендиясига, 9 нафари Навоий стипендиясига, 2 нафар талабамиз Ислом Каримов номидаги Давлат стипендиясига сазовор бўлди. Университетимиз талаблари орасидан 2 нафари бокс бўйича Жаҳон, 2 нафари Осиё чемпиони бўлди, 54 талаба халқаро мусобақалар ғолиби, 120 дан ортиқ спортчи-ёшларимиз республика спорт мусобақаларида 1-ўринни қўлга киритди. Талабаларимиздан ташкил топган волейбол ва баскетбол жамоалари республика олий лигаси ҳамда халқаро мусобақаларда муносиб  иштирок этди.

Миллий санъатимизни кенг тарғиб қилиш ва ривожлантириш мақсадида олийгоҳимиз талабаларидан ташкил этилган “Эсон Лутфуллаев номидаги талабалар мақом ансамбли” Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Маданият вазирликлари томонидан юқори баҳолангани биз учун катта муваффақият, десам муболаға бўлмайди. Айни пайтга қадар, университетимизда 3 та хорижий, 1 та инновацион ва 1 та стартап лойиҳалари доирасида тадқиқотлар амалга оширилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Шунингдек, олий таълим муассасамизда 10 та халқаро ва 12 та республика илмий анжуманлари ташкил этилди. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 21 та халқаро ва республика конференциялари ўтказилди. Кейинги 2 йил давомида университетимизнинг 80 нафар профессор-ўқитувчилари диссертация ишларини ҳимоя қилиб, ҳозирча 73 нафари илмий унвонга эга бўлди. Бу борадаги ишларимиз тизимли давом этмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг қарори билан педагогика институти – Абдулла Қодирий номидаги Жиззах Давлат педагогика университетига айлантирилди. Бунинг натижасида  таълим тизимида нималар ўзгарди?

– Бу борада муайян ишлар амалга оширилганини ва ҳали амалга оширишимиз лозим бўлган ишларимиз борлигини таъкидламоқчиман. Жумладан, олийгоҳимиз компьютер парки 50 фоизга янгиланиб, 14 та янги компьютер аудиторияси ташкил этилди. Барча ўқув аудиториялари овозли кузатиш камералари билан жиҳозланди, 24 та катта экранли сенсор панеллари ўрнатилди, 80 та ўқув аудиториялари проекция воситалари билан таъминланди.

Университетимизнинг 412 нафар профессор-ўқитувчилари замонавий педагогик ва ахборот технологияларини қўллаш бўйича ўз малакасини оширди, 25 нафар профессор-ўқитувчи Россия, Буюк Британия, АҚШ, Франция, Озарбайжон, Беларусь каби мамлакатлар илмий марказларида малака ошириш (стажировка) амалиётини ўтаб келди. Олий таълим муассасамиз профессор-ўқитувчилари таркибини янгилаш мақсадида 146 нафар магистратура битирувчилари, Фанлар Академияси ва етакчи илмий марказлардан 80дан ортиқ олимлар педагогик фаолият олиб боришга жалб этилди.

Президентимизнинг мазкур қарори зиммамизга бир қатор вазифаларни юклаш баробарида, фаолиятимиз учун муҳим  дастуриламал бўлди. Жумладан, дунёнинг нуфузли университетларидан 57 нафар етакчи мутахассислар шартнома асосида талабаларга онлайн машғулот ўтказиши ташкил этилди. Вилоятдаги кўрсаткичлари паст бўлган 7 та мактаб университетимиз ижодий жамоасига бириктирилди. Бу ўз самарасини бермоқда, албатта. Ўтган ўқув йилида уларда олий таълимга кириш кўрсаткичи ўртача 20 фоизга, юқори кўрсаткич эса 50 фоизгача етказилди. Олий таълим муассасамиз қошидаги академик лицей, 2 та техникум, 13 та чет тилига, 7 та физикага, 5 та математикага, 3 та кимё-биология фанларига ихтисослашган мактабларда кафедра филиаллари ташкил этилди, методик ёрдам кўрсатувчи “мобил гуруҳлар” томонидан маҳорат дарслари олиб борилмоқда.

Шу ўринда университетимизнинг моддий-техник базаси сезиларли даражада яхшилагани, 6 та ўқув биноси, спорт иншоотлари таъмирланиб, “Workout” майдончалари барпо этилганини алоҳида эътироф этиш керак. Айни пайтда университетимизга тегишли ҳудудларда оширилган контракт маблағлари ҳисобидан 2 минг 500 ўринли янги ўқув биноси, давлат хусусий шерикчилиги асосида 1 минг 200 ўринли 2 та талабалар турар-жойи қурилмоқда. Шунингдек, кафедраларнинг устувор илмий йўналишлари белгилаб олинди, уларни амалиёт билан боғловчи 27 та илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди. Булардан ташқари, иқтидорли талабалар инновациялари ҳамда стартап лойиҳаларини ривожлантириш мақсадида инкубация маркази ҳамда 9 та илмий лабораторияни қамраб олган “STEAM PARK” фаолияти йўлга қўйилди. Халқаро рейтинг ва индикаторлар билан ишлаш маркази ташкил этилмоқда.

– Сиз раҳбарлик қилаётган университет мамлакатимиз олийгоҳлари орасидаги рейтинггини ошириш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда? 

– Университетнинг янгидан тасдиқланган ташкилий тузилмасига кўра, янги “Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўлими” ташкил этилган. Ушбу бўлим жаҳон олий таълим тизимидаги энг сўнгги тараққиёт тенденцияларини таҳлил қилиш ва университетнинг ривожланиш стратегияси бўйича концепция тайёрлаш билан шуғулланади. Биз “QS, THE” каби жаҳон университетлари рейтинглари индикаторлари ҳамда миллий рейтинг кўрсаткичларимизни тизимли таҳлил қилган ҳолда ишларимизни ташкил қилишга киришганмиз. Худо хоҳласа ушбу лойиҳамиз амалга ошади. Биз бу эзгу амал йўлида астойдил, бутун жамоамиз билан бирдамликда, бир куч бўлиб меҳнат қилаяпмиз, рейтинг кўрсатгичларимиз нафақат республика, балки халқаро даражада ҳам  юксалишига ишонаман.

– Бугунги кунда профессор Шавкат Шариповни – университет ректори сифатида олийгоҳда ўйлантирадиган, қийнайдиган қандай муаммо мавжуд?

– Мени университет ректори сифатида ҳам, ўқитувчи, устоз сифатида ҳам ўйлантирадиган энг долзарб масала деймизми, муаммо деймизми, хуллас бу – битирувчи талабаларимизнинг бандлиги билан боғлиқ, десам муболаға бўлмайди.

Мендан бошлаб, барча жамоамиз профессор-ўқитувчилари талаба-ёшларимиз бандлигини таъминлашга масъул эканлигини унутмаслиги керак. 2021-2022 ўқув йилида бакалавриат йўналишларини кундузги таълим шакли бўйича давлат гранти асосида битирган 523 нафар талабадан 476 нафари  уч томонлама шартнома асосида ишга жойлашган. Бакалавриат таълим йўналишларини тўлов-контракт асосида битирган 1 минг 473 нафар талабадан 1 минг 343 нафарининг бандлиги таъминланган. 

–Устоз мураббийларга, муаллимларга, қолаверса, бўлажак ҳамкасбларингизга тилакларингиз?

– Бугунги шиддатли замонда барча яратилаётган шароитлар бизнинг олдимизга ғоят муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда, масъулият юкламоқда. Албатта, ёшларимизнинг билим олишлари учун барча шароитларни яратиш, ўқув биноларини қуриш, уларни замонавий жиҳозлаш мумкин. Лекин талабаларимизга юксак мезонлар асосида таълим-тарбия берадиган, янгича, инновацион фикрлайдиган профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш – бу энг оғир вазифа ва у барчамиздан жуда катта масъулият талаб этади.  Шу маънода, бугун университетимизда фаолият юритаётган педагоглар универсал мутахассис, ҳам ўргатувчи, ҳам ўрганувчи бўлиши, яъни, ўз устида тинимсиз ишлаши, доимо изланиб яшаши, ижод қилиши талаб қилинади. Энг муҳими, у чинакам ватанпарвар инсон бўлиши зарур. Бу маънода “Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак!” деган шиор бугун умуммиллий ҳаракатга айланди ва биз ана шу эзгу мақсад йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилишимиз, ижод қилишимиз шарт. 

Таълим соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилган, ҳозирги кунда ўз маслаҳатлари билан таълим сифатини оширишда яқиндан ёрдам бериб келаётган нуроний устозларимизга суянамиз ва таъзим қиламиз. Биз бугун замонавий билимларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва қадрли муаллимларнинг бу улуғ хизматини юксак қадрлашимиз даркор. Зеро, миллатнинг, халқнинг эртаси, тараққиёти азиз устоз-муаллимлар қўлида эканини унутмаслигимиз лозим.

Фурсатдан фойдаланиб, муҳтарам устоз-муаллимларимизни, ҳамкасбларимизни, бўлажак ўқитувчи – талаба-ёшларимизни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин дилдан табриклаб, барчангизга узоқ умр, бахт-саодат, хонадонингизга файзу-барака, баркамол авлодга билим беришдек эзгу ишларингизда улкан зафарлар тилайман.

ЎзА мухбири 

Абдужалол Қаюмов суҳбатлашди

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти

Фойдали ресурслар